“Ҳоким Олимпиадаси” баҳсларига старт берилди
Тошкент шаҳрида бокс бўйича “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларининг иккинчи босқичи — “Ҳоким Олимпиадаси” баҳсларига старт берилди.
Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида ташкил этилган мусобақада пойтахтнинг барча туманларидан саралаб олинган ёш боксчилар ғолиблик учун рингга чиқди.


Баҳслар давомида спортчилар ўзларининг техник маҳорати, жисмоний тайёргарлиги, матонати ва ғалабага бўлган интилишларини намоён этмоқда.
“Ҳоким Олимпиадаси” доирасидаги ушбу беллашувлар ёш боксчилар учун катта спорт сари муҳим қадам бўлиб, энг кучли иштирокчилар мусобақанинг кейинги босқичига йўлланма олиш учун кураш олиб бормоқда.


Маълумотларга кўра, “Ҳоким Олимпиадаси” босқичида ёш спортчилар дзюдо, таэквондо WТ, эркин ва юнон-рум кураши, бокс, енгил атлетика, стол тенниси, баскетбол, волейбол, гандбол, бадминтон, бадиий гимнастика, оғир атлетика, қиличбозлик, теннис, соҳил волейболи, сузиш ва велошоссе турлари бўйича баҳс олиб боради.
Г.Бобоева, ЎзА