Спортчиларимизнинг майдондаги хулқи халқаро эътирофга сазовор бўлди ва давлат раҳбари буни юксак баҳолади
Президент Шавкат Мирзиёев иккинчи бор ўтказилаётган Президент Олимпиадасининг очилиш маросимида иштирок этмоқда.
Президентимиз мусобақа мезбони – Нагоя мэри Ичиро Хиросава спортчиларимизнинг ҳалол кураши, рақибларга ҳурмати, майдон ташқарисидаги одоби ва намунавий хулқини алоҳида эътироф қилганини қайд этди. Бу баҳо халқимизга хос фазилатларнинг халқаро майдонда ҳам намоён бўлаётганини кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари фарзандларининг орзусига ишониб, доимо ёнида турган ота-оналарга миннатдорлик билдирди.
– Янги Ўзбекистон дунёнинг нуфузли мусобақалари ўтказиладиган халқаро спорт марказига айланиб бормоқда, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Сўнгги тўрт йилда юртимизда жаҳон ва Осиё миқёсидаги 20 га яқин йирик мусобақа ташкил этилди. Келгуси йил сентябрь-октябрь ойларида мамлакатимиз Озарбайжон билан бирга илк бор 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.
Президентимиз бундай мусобақаларни ўтказиш катта шараф ва масъулият эканини таъкидлади. Улар ёш спортчиларимизга дунёнинг энг кучли рақиблари билан беллашиш ва ўз олдига янада юксак мақсадлар қўйиш имконини беради.
ЎзА