Спорт хабарлари: кореялик “Фахрий доктор”, волейболчи қизлар ютуғи, дунё дзюдочилари Тошкентга келади
Ўтаётган ҳафта мамлакатимиз спорт ҳаётида бир-биридан қизиқарли воқеликларга бой бўлмоқда. Шу кунларда мамлакатимизда бўлиб турган 17 нафар мутахассисдан иборат Корея Республикаси делегацияси аъзолари спорт таълим муассасалари, мажмуалар билан яқиндан танишаётган бўлса, стол теннисчиларимиз Туркиядаги халқаро турнирда қатнашмоқда. Дзюдо федерацияси вакиллари пойтахтимизда 19-22 ноябрь кунлари ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Волейболчи қизларимиз эса Россияда ўтган МДҲ фестивалида совриндорликка эришди.
Кореялик мутахассисга “Фахрий доктор” унвони тақдим этилди
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Корея Республикасининг спорт, савдо, таълим, коммуникация йўналишлари вакилларидан иборат делегация аъзолари билан ўтказилган учрашувда дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар, спортдаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Хорижлик меҳмонлар университетнинг ўқув жараёни, спорт машғулотлари тизими, илмий изланишлар ҳолати билан танишди. Миллий спорт турлари бўйича амалга оширилган кўргазмали чиқишларни томоша қилишди.
Мулоқот жараёнида Халқаро тэккён федерацияси президенти, Чунгжу шаҳри Савдо-саноат палатаси раҳбари Дае-Сик Мунга Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг “Фахрий доктор” унвони топширилди.

Волейболчи қизларимиз МДҲ фестивалида совриндор бўлди
Россия Федерацияси пойтахти Москвада 2010–2012-йилларда туғилган қизлар ўртасида волейбол бўйича ўтказилган МДҲ фестивалида ҳамюртларимиз муваффақиятга эришди.
7 та давлат вакиллари қатнашган волейбол фестивали баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Беларусь, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Молдова каби мамлакат вакиллари билан кечган шиддатли ўйинлар сарҳисобига кўра 2-ўринни эгаллади.
Стол теннисчиларимиз Туркияда
Истанбул шаҳрида давом этаётган “WTT Contender Istanbul 2026” халқаро мусобақасида мамлакатимиз стол теннисчилари ўз маҳоратларини намойиш этиш асносида қимматли тажриба орттирмоқда.
Дунёнинг энг маҳоратли кичик ракетка усталари қатнашаётган турнирда терма жамоамиз аъзоларидан Зоҳид Кенжаев, Мусобек Тўлиев, Шаҳбозбек Ғуломиддинов, Мафтуна Ғуломова сингари ўнлаб ёш спортчиларимиз яккалик, жамоавий ва аралаш жамоавий баҳсларда қатнашмоқда.

Дунёнинг энг кучли ёш дзюдочилари Тошкентга келади
Шу кунларда Ўзбекистон дзюдо федерациясида жорий йилнинг 19-22 ноябрь кунлари Тошкентда ёшлар ўртасида ўтадиган жаҳон чемпионати мусобақаларига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов бошчилигида ўтган йиғилишда жаҳон чемпионатига тайёргарлик, чет эл жамоаларини кутиб олиш, жойлаштириш, спорт мажмуаларидаги техник ишлар, шунингдек, мамлакатимиз ёш дзюдочиларининг ҳозирлик ҳолати кўриб чиқилди.
Ҳар бир йўналиш бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланди. Мураббий ва спортчиларнинг таклифлари таҳлил этилди.
Билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли йўналиш мутасаддиларига аниқ вазифалар юкланди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА