Жиззахлик спортчи армрестлинг бўйича жаҳон чемпионатида икки медаль олди
Ҳиндистон давлатида ўтган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик пара-армрестлинг усталари муносиб натижаларни қайд этди. Улар орасида жиззахлик Фарангиз Асатиллаеванинг иштироки ҳам эътиборга молик бўлди.
2026 йил 26 октябрь – 7 ноябрь кунлари Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида армрестлинг бўйича 47-жаҳон чемпионати ўтказилди. Шунингдек, мусобақа доирасида 28-жаҳон пара-армрестлинг чемпионати ҳам ташкил этилди.
Жаҳон армрестлинг федерацияси (WАФ) томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли беллашувларда 60 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон терма жамоаси сафида қатнашган Зомин тумани спорт мактаби тарбияланувчиси Фарангиз Асатиллаева икки марта шоҳсупага кўтарилди.
У ёшлар ўртасида 80 килограмм вазн тоифасида баҳслашди. Чап қўлдаги беллашувларда кумуш медалга сазовор бўлди. Ўнг қўлдаги баҳсларда эса бронза медалини қўлга киритди.
Шу тариқа, жиззахлик спортчи жаҳон чемпионатини иккита медаль билан якунлади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири