Спорт соҳасида гендер тенглик: муаммо ва ечимлар
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг 60 фоизи жисмоний тарбия ва оммавий спорт тадбирларида фаол иштирок этмоқда. Спорт мактабларида мунтазам спорт билан шуғулланувчи 569 минг шахснинг 158 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Миллий терма жамоа таркибига жалб этилган хотин-қизлар улуши эса 2022-2023 йилга нисбатан 2024 йилда 32 фоизга ошган.
Пойтахтимиздаги Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида “Спорт соҳасида гендер тенглик: муаммо ва ечимлар” мавзусида ўтказилган анжуманда шу ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, спортчилар иштирок этди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда спорт соҳаси, айниқса, хотин-қизларни спортга жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани хусусида сўз борди. Хусусан, Спорт вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Соғлом оила – соғлом жамият” ғояси асосида хотин-қизларни жисмоний тарбия машғулотлари ва оммавий спорт тадбирларига кенг жалб этишга қаратилган қўшма қарор тасдиқланганлиги ҳамда “Наманган тажрибасини яратиш” асосида мавжуд спорт иншоотларида машғулотлардан ташқари вақтда хотин-қизлар учун гимнастика, йога, фитнес ва аёллар саломатлигига қаратилган бепул машғулотлар тизими йўлга қўйилганлиги соҳада олиб борилаётган ишларнинг амалий натижаси сифатида қайд этилди.
[gallery-24065]
– Ўтган йили Олимпия ва Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз делегацияси таркибида иштирок этган аёл спортчиларимиз 3 та олтин, 8 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритгани тарихимиздаги энг юқори натижалардан бири бўлди, - деди тадбирда сўз олган спорт вазири Адҳам Икромов. – Қувонарлиси, сўнгги йилларда Осиё ўйинларида ғолиб ва совриндорлар қаторида хотин-қизларимизнинг улуши сезиларли даражада ортмоқда. Жумладан, 2018 йили Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Осиё ўйинларида мамлакатимиз делегацияси томонидан қўлга киритилган 21 та олтин медалдан 4 тасини аёл спортчилар эгаллаган бўлса, Ханчжоу–2022 ёзги Осиё ўйинларидаги 22 та олтин медалдан 10 таси аёллар ҳиссасига тўғри келди.
Конференцияда спорт соҳасида гендер тенгликни таъминлаш, бунда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан маърузалар тингланди.
Таъкидланишича, спорт турлари бўйича хотин-қизларнинг халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирокини таъминлаш мақсадида ҳудудларда аёл спортчилар орасида тизимли селекция ишлари олиб борилаётган бўлиб, кучлилар миллий терма жамоа сафига саралаб олинмоқда.
Олис ва чекка ҳудудларда аёл тренерларнинг ойлик маошига қўшимча равишда 15 фоиз устама ҳақ тўлаб берилаётир. Бу аёл мураббийлар сонининг ортишига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, хотин-қизлар спортини ривожлантириш мақсадида, гимнастика спорт тури бўйича “Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги”, “Аёллар спартакиадаси”, “Спорт – саломатлик ва нафислик манбаи”, “Гимнастрада” каби спорт мусобақалари ўтказиш тизими самарали йўлга қўйилди.
Мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Соҳа вакилларининг таклифлари тингланди. Якунда 18-22 июнь кунлари Болгариянинг София шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган миллий терма жамоамиз қизларининг ютуғи эътироф этилиб, уларга совға-саломлар топширилди.
Камола ЮСУПОВА, Ойбек ПАРДАЕВ (сурат)ЎзА