Спорт мақсад сари интилишга куч беради
Барча соҳаларда бўлгани каби олий таълим муассасаларида ҳам соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оммавий спортни ривожлантириш ва талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг фаол ёшлар билан ўтказган мулоқотида ҳам айни шу масалага ҳам эътибор қаратилди ва бу борада муҳим вазифалар белгилаб берилди. Наманган муҳандислик-технология институтида бўлиб ўтган жисмоний тарбия ва спорт фестивали ҳам айнан шу эзгу мақсадга қаратилди.

Тадбирда институт талаба-ёшлари спортнинг волейбол, футбол, шахмат, стол тенниси ва воркаут турлари бўйича ўзаро беллашди. Ҳар бир беллашув муросасиз тарзда кечиб, талабалар нафақат ўз спорт маҳоратини синовдан ўтказишди, балки жамоавий руҳ, ирода ва чидамлилик борасида ҳам тажриба орттирди. Мусобақанинг шиддатли онларидан бири футбол майдонида кечди. Жамоалар бир-бирига мос рақиб бўлиб, ҳужумкор ўйин намойиш этди. Волейбол беллашувларида талабалар чаққонлик ва жамоавий тактика орқали куч синашди.

– Спорт нафақат жисмоний соғломлик гарови, балки интизомли, мақсад сари интилувчан ва жамоавий ишлашга лаёқатли бўлишга ўргатади. Айниқса, воркоут мусобақаси мен учун энг қизиқарли бўлди, – дейди Наманган муҳандислик-технология институти талабаси Шаҳзодбек Ибрагимов. – Биз куч, чидамлилик ва иродамизни синаб кўрдик. Келгусида ҳам бундай спорт тадбирларининг доимий уюштирилиши ёшларга катта мотивация беради. Фестивалнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у навқирон авлод вакилларининг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини ошириб, уларнинг бўш вақтини самарали ўтказишига ёрдам беради.


– Фестивалнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у навқирон авлод вакилларининг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини ошириб, уларнинг бўш вақтини самарали ўтказишига ёрдам беради. Институтимизда соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қаратилган мусобақаларни келгусида ҳам мунтазам равишда давом эттирилиши режалаштирилган. Зеро, спорт бу нафақат рақобат ва беллашув, балки саломатлик, интизом ва келажак сари қўйилган мустаҳкам қадамдир, – дейди олийгоҳ спорт бўлими бошлиғи, профессор-мураббий Улуғбек Қўчқоров.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА