Спорт кишини ҳар томонлама чиниқтиради
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ҳамда давлат ташкилотларида хизмат қилаётган ишчи-ходимлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун етарли шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумаладан, прокуратура органлари ходимлари иштирокида мини футбол, шахмат, стол тенниси, сузиш, югуриш ҳамда кураш турлари бўйича мусобақалар ўтказиб келинмоқда. Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши ҳамкорлигида стол теннис бўйича мусобақа ўтказилди.
Наманган муҳандислик - қурилиш институти клубида бўлиб ўтган ушбу беллашувда Бюронинг вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимлари ходимлари ғолиблик учун ўзаро куч синашди.

Низомга кўра, қатнашчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда бир-бирларини синовдан ўтказди. Ҳар бир ўйин, рақибларнинг шиддатли ҳаракати ғоят қизиқарли кечди. Унда барча рақибларини мағлубиятга учратган МИБ вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳромжон Қўзиев биринчи ўринни қўлга киритди.
Ғолибдан атиги бир очко ортда қолган давлат ижрочиси Охунжон Дадамирзаев фахрли иккинчи поғонадан жой олди. Мутахассис Аброр Мамадалиев эса кучли учликни якунлаб берди.

Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндор ходимларга бошқарма бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, мусобақанинг биринчи ва иккинчи ўрин соҳибларига Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмалари Наманган вилояти кенгашининг икки кишилик дам олиш йўлланмаси туҳфа этилди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА.