Спорт билан машғул аёллар
Андижонда вилоят ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар ҳамда спорт бошқармалари ҳамкорлигида хотин-қизлар спорт олимпиадасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтказилган спорт олимпиадаси очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова мамлакатимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, ўтказилаётган мазкур фестивалининг аёлларни спортга жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдаги ўрни ва роли хусусида гапирди.


– Бугун вилоятимизда хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун беш мингдан зиёд спорт иншоотлари ишлаб турибди. Хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган бўлиб, бир ярим минг нафардан зиёд аёл мураббийлар соҳада фаолият олиб бормоқда. Умуман, бу борада олиб борилаётган самарали ишлар натижасида вилоятда спорт билан мунтазам шуғулланувчи аёллар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу ўз навбатида оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширмоқда, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова.


Байрамона руҳда ўтган спорт фестивалида иштирокчилар спортнинг енгил атлетика, стол тенниси, шахмат-шашка турлари бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Якуний натижаларга кўра, ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.