Қадим Бухоро бағрида “Men g‘olib” югуриш марафони
Кўҳна ва боқий Бухоронинг тарихий қиёфаси яна бир бор ёшлик шижоати, спорт руҳи ва эзгулик тимсолига айланди. Ёшлар куни муносабати билан Бухоро шаҳрининг қадимий Эски шаҳар ҳудудида ташкил этилган “Men g‘olib” умумхалқ югуриш ҳаракати юртимизнинг турли ҳудудларидан келган иштирокчиларни бир майдонга жамлади. Минорлару мадрасалар бағрида ўтган мазкур спорт байрами шаҳарга янада ўзгача файз ва кўтаринки кайфият бағишлади.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, айниқса ёшларни спортга жалб этиш, жисмоний фаолликни оммалаштириш ҳамда юртдошларимиз ўртасида бирдамлик ва фаол ҳаёт тарзини қарор топтиришдан иборат бўлди.
Марафон доирасида турли йўналиш ва масофалар бўйича қизғин баҳслар ташкил этилди. Жумладан, “Silk Road – Bukhara” югуришлари доирасида 3, 5 ва 10 километр масофаларда югуриш мусобақалари ўтказилди. Шунингдек, талабалар ўртасида “Talaba – yugur” марафони, болалар учун “Kids run” мусобақалари, ҳарбий тузилмалар вакиллари ўртасида махсус йўналишлар ҳамда имконияти чекланган фуқаролар учун “Инсон учун” оммавий югуриш марафони ташкил этилди.
Айниқса, Бухоронинг тор кўчалари ва асрлар силсиласини ўзида мужассам этган тарихий обидалари орасида югурган иштирокчилар ушбу мусобақа нафақат спорт тадбири, балки ҳақиқий маънавий-маърифий байрамга айланганини таъкидлади. Қадим шаҳар муҳитида янграган қувончли садолар, иштирокчиларнинг ғайрати ва томошабинларнинг олқишлари тадбирга янада файз бағишлади.
[gallery-29194]
Марафон якунида барча йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндорлар тантанали равишда тақдирланди. Фаол иштирокчиларга диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.
“Men g‘olib” умумхалқ югуриш ҳаракати нафақат спорт мусобақаси, балки ёшларни эзгу мақсадлар сари чорловчи, уларни соғлом ва фаол ҳаёт тарзига ундаувчи муҳим ташаббус сифатида ҳам катта аҳамият касб этди. Қадим Бухоро эса ана шундай эзгу ва бирлаштирувчи тадбирларга яна бир бор муносиб мезбон бўла олди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари