Спикер: Меҳнат миграциясига оид вазифалар ижросида депутатларнинг ҳам ўз вазифалари бор
Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда парламент назорати фаолиятига доир масалалар муҳокамаси режалаштирилган.
Мажлисда дастлаб Қонунчилик палатаси Спикери мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида содир бўлган муҳим воқеалар ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг меҳнат миграцияси масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиши ҳақида тўхталди:
— Сўнгги йилларда юртимизда тартибли меҳнат миграциясини йўлга қўйиш, фуқароларни юқори малакали ва даромадли ишларга жойлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Куни кеча Президентимиз томонидан ўтказилган меҳнат миграцияси ҳамда хорижда ишлаш истагида бўлган аҳолини тил ва касбларга мақсадли ўқитиш масалаларига бағишланган йиғилишда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, касбий таълим билан тил тайёргарлигини бирга олиб бориш, хорижлик иш берувчилар буюртмасини техникумлардаги ўқув дастурлари билан боғлаш, келаси йили ҳар бир ҳудудда ягона миграция марказини очиш, ҳар бир вилоятдаги 2-3 та техникумни йирик тадбиркорлар бошқарувига бериш орқали йилига камида 30 минг нафар ишга тайёр мутахассис етиштириш, хориждаги иш ўринлари бўйича мутахассис етиштириш, шунингдек, мутахассисга қўйиладиган талаб, зарур тил ва ўқиш имкониятлари ҳақидаги маълумотларни маҳаллагача етказиш, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг ишлаган жойи, касби ва стажи акс этадиган платформа яратиш, хорижда орттирилган иш стажи ва пенсия ҳуқуқини тан олиш ҳамда мамлакатимизга келаётган хорижий ишчи кучини тартибга солиш каби вазифалар белгиланди.
Албатта, ушбу йўналишдаги вазифалар ижросини таъминлашда парламент аъзоларининг ҳам алоҳида масъулияти бор. Хусусан, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш, бу борадаги вазифалар ижроси юзасидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишимиз лозим бўлади. Шунингдек, халқ вакиллари сайлов округларидаги фаолиятлари давомида белгиланган ҳар бир топшириқнинг мазмун-моҳиятини маҳаллий ижро органларига етказишлари ва депутатлик назоратини олиб боришлари мақсадга мувофиқ, — деди Спикер.
Мажлис ўз ишини давом эттирмоқда.
М.Комилова,
ЎзА