Меҳнат миграциясида янги имконият ва марралар
Куни кеча давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги “Intil” халқаро тил ва касбга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди. Шунингдек, меҳнат миграцияси масалалари муҳокама қилиниб, соҳага оид бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Бугун дунё меҳнат бозорида малакали кадрларга талаб ортиб борар экан, юртдошларимизни оддий ишчи кучи сифатида эмас, балки замонавий касб-ҳунарга эга, хорижий тилларни биладиган мутахассис сифатида тайёрлаш долзарб аҳамиятга эга. Ана шундай вазиятда Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар алоҳида ўрин тутади.
Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Моҳира Хўжаева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Президент Шавкат Мирзиёев раислигида меҳнат миграцияси, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни тил ва касб-ҳунарга мақсадли тайёрлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар мамлакатимизда бандлик сиёсатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда чет элда ишлаш истагидаги фуқароларни аниқ иш ўринларига тайёрлаш зарурлигини, бугунги глобал меҳнат бозорида рақобат тобора кучайиб бораётган бир шароитда фуқароларимизни шунчаки хорижга ишга юбориш эмас, балки уларни замонавий касблар, хорижий тиллар ва юқори малакага эга мутахассис сифатида тайёрлаш энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.
Инглиз тилидан сертификатга эга 200 мингга яқин ёшларни АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва бошқа давлатларда ишлаши учун имкониятларни кенгайтириш зарурлиги ҳам айтиб ўтилди. Президентимиз ўз нутқида чет тилларини билиш юқори даромадли иш топишнинг асосий шартларидан бири эканига эътибор қаратди. Айниқса, Германия билан ҳамкорликда немис тили ва касб-ҳунарни биргаликда ўқитиш, ҳар бир ҳудудда ягона миграция марказларини ташкил этиш, техникумлар фаолиятини хорижий иш берувчилар талабига мослаштириш бўйича белгиланган вазифалар эътиборга молик. Бу ёндашув таълим тизими билан меҳнат бозори ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлаб, ёшларимиз ва иш излаётган фуқаролар учун янги имкониятлар эшигини очади.
Шу билан бирга, хусусий бандлик агентликларининг масъулияти ва натижадорлигини ошириш, хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларига тезкор ечим топиш механизмларини кучайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, «Онлайн маҳалла» платформаси орқали ҳар бир фуқаронинг эҳтиёжи, касбий салоҳияти ва ишга жойлашиш жараёнини кузатиб бориш имконияти яратилиши тизимли ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Ушбу йиғилишнинг муҳим жиҳатларидан бири — бу меҳнат миграциясига фақат хорижда иш билан таъминлаш масаласи сифатида эмас, касбий салоҳият ва оилавий фаровонликни ошириш омили сифатида хам қаралаётганлиги. Хорижда тажриба орттириб қайтган фуқароларни муносиб иш билан таъминлаш, уларнинг билим ва кўникмаларидан мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда фойдаланиш ҳам долзарб вазифадир.
Умуман, мазкур йиғилишда белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши юртдошларимизнинг хорижда муносиб меҳнат қилиши, юқори даромад топиши, ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА