“Сўзим халқ оғзида қолса розиман...”
Қорақалпоғистон Республикасида таниқли шоир, атоқли ёзувчи, моҳир таржимон Узақбай Пиржановнинг 85 йиллиги кенг нишонланди.
Қорақалпоқ халқининг севимли ижодкори Узақбай Пиржановнинг 85 йиллигига бағишланган тадбирлар Бўзатов туманида ўтказилган адабий хотира кечаси билан бошланди. Туман ҳокими Камал Алланиязов бошқарган тадбирда Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, жамоатчилик вакиллари, мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари, туман фаоллари иштирок этди.


Юбилей тадбирлари Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида давом этди. Тадбир доирасида “Сўзим халқ оғзида қолса розиман” мавзуида республика илмий-амалий анжумани ҳам ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси Кенесбой Каримов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли адиблар Нурали Қобул ва Собир Ўнар, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари, таниқли таржимон Кенесбой Реймов, таниқли шоир Шарападдин Аяпов, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Алписбой Султанов, Узақбай Пиржановнинг қизи Лира Пиржанова ҳамда адабиёт ихлосмандлари, профессор ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.
Узақбай Пиржанов 1937 йил Бўзатов тумани “Эркиндарё” хўжалиги Хўжа қишлоғида оддий оилада туғилган. Адиб Қорақалпоқ давлат педагогика институти (ҳозирги Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти) тарих-филология факультетида таҳсил олган. 1972 йилдан СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлган. Меҳнат фаолиятини “Амударё” журналида бошлаган ижодкор “Қорақалпоғистон” нашриёти ва Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясида етакчи муҳаррир лавозимларида ҳам ишлаган.


Адиб ҳаёти давомида кўплаб шеърлар, ҳикоя ва қиссалар ёзган. “Муҳабат қўшиғи”, “Суврат”, “У он баҳор эди”, “Кузги япроқлар”, “Қорда қолган излар”, “Қизил кендирнинг гуллари”, “Оқ тол остидаги оқшом”, “Апрелнинг сўнгги оқшоми”, “Оқим” каби китоблари чоп этилган. Унинг асарлари рус, грузин, озарбайжон, түрк, қозоқ, қирғиз, татар, башқирт, қумиқ, дарғин, авар тилларига таржима қилинган.
Узақбай Пиржанов қорақалпоқ адабиётида моҳир таржимон сифатида ўз ўрнига эга бўлди. “Амир Темур тузуклари”, “Турклар шажараси”, Чингиз Айтматовнинг деярли барча асарларини, шунингдек Кришан Чандар, Станислав Ежи Лец, Михаил Булгаков, Михаил Зощенко, Григорий Бакланов, Юрий Леонтичев каби бир қатор чет эл ёзувчи ва шоирларининг асарларини қорақалпоқ тилига таржима қилган. Ёзувчи умр йўлдоши, таниқли шоира Ширин Халмуратова билан бешта фарзандни тарбиялаб вояга етказди.

Анжуманда филология фанлари доктори, профессор Кенесбой Алламбергенов “Узақбай Пиржановнинг ижодида кўпқирралилик ва бадиий жиҳатлар”, педагогика фанлари номзоди, доцент Арзи Пазилов “У. Пиржанов прозасида таълим-тарбия масалаларининг бадиий кўринишлари”, Қорақалпоқ давлат университети қорақалпоқ адабиёти кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Жамила Сагдуллаева “У. Пиржанов қиссаларидаги услубий изланишлар” мавзуидаги маърузалари билан иштирок этди. Шунингдек, тадбирда адибнинг шогидлари сўзга чиқиб, Узақбай Пиржановнинг ижодидаги ўзига хослик, таржимонликдаги қирралари ва адибнинг ҳаёти ҳақида батафсил маълумот берди.
Анжуман Қорақалпоғистон санъат усталари ва институтнинг “Тўмарис” халқ ансамбли ва иқтидорли талабалари томонидан тайёрланган концерт дастури билан якунланди.


ЎзА