Сўзи ва иши бир, софдил ижодкор
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, драматург ва киношунос олим Фарҳод Мусажонов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган адабий-маърифий анжуман ўтказилди.
Кечада атоқли ёзувчи ижоди, ҳаёти, ибратли фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди.
–Устоз ижодкор Фарҳод Мусажоновнинг ҳикоя, повестларини барчамиз ўқиганмиз, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, атоқли шоира Фароғат Худойқулова. – Уларда инсонни улуғлаш, ростгўйлик, китобхонни баркамол инсон бўлишга ундов кучлидир.
–Адабиёт шундай соҳаки, унга ҳар ким ҳар хил кириб келади, – деди таниқли журналист Гулчеҳра Умарова. – Фарҳод ака адабиётга сокин кириб келганлар. Сабаби ўзлари ҳам вазмин, сокин инсон эдилар. Уларнинг фильмлари ҳам ҳозирги фильмлардан бир неча поғона баланд фильмлардир. Фарҳод ака сира ўз ижодини тарғиб этмасдилар. Эҳтимолки, унвонларни кечикиб олганларининг сабаби шунда бўлса керак. Лекин ижодкор учун унвон эмас, инсон сифатида яхши оилага бош бўлиш, ўзидан яхши фарзандларни тарбиялаб, вояга етказиш муҳимроқ. Шу жиҳатдан, телевидение журналисти Гулмира Мусажоновани кўриб, Фарҳод аканинг нечоғли бахтли инсон бўлганларини англаймиз. Фарҳод ака ўз принципларидан қайтмайдиган, камтар, иродаси бақувват ижодкор эди.
–Ўтган асрнинг 80-йилларида Ўзбекистон телевидениесида "Эртага премьера" деган кўрсатув бўлар эди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Дилшод Шамс. – Фарҳод ака бу кўрсатувнинг бошловчиси, муаллифи эдилар. Устоз бу кўрсатувни жонли, самимий, халқчил, томошабин юрагига етиб борадиган тарзда олиб борар эдилар. Биз учун Фарҳод ака жуда катта ижодкор эди. "Кўзларим йўлингда", "Тақдиринг қўлингда", "Лафз" каби фильмларнинг муаллифи. Уларнинг асарларида энг мураккаб жараёнда инсоннинг қарор қабул қилиш қобилияти, инсон шаъни, шарафи, қадр-қиммати устувор ўрин тутади. Кино соҳасини миллийлаштиришда ўз даврида Фарҳод Мусажонов, Темурмалик Юнусов, Рихсивой Муҳаммаджонов каби ижодкорларнинг ҳиссаси ғоят катта.
–Бундан кўп йиллар аввал "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида Фарҳод Мусажоновнинг мустақилликни интиқлик билан кутгани ҳақидаги мақола эълон қилинган эди, – деди таниқли шоир Рустам Мусурмон. – Мақолада мустақилликнинг маъно-мазмуни теран очиб берилгани боис кенг жамоатчиликка жуда манзур бўлган. Фарҳод ака ўз сўзлари, йўл-йўриқлари билан менга устозлик қилган эди. Улар умрларининг сўнгги йилларида ҳам ёш ижодкорлар даврасида бўлганлар.
–Фарҳод Мусажонов қалбан кинорежиссёр эдилар, – деди "Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Воқеликларни кинотасмасидек кўра олар эдилар. Вазмин, сўзга, ижодга муҳаббати, садоқати жуда баланд инсон эдилар.
Хотира кечасида қайд этилганидек, Фарҳод Мусажонов оддий, ростгўй, имон-эътиқоди собит инсон эди. Устоз ижодкор 1933 йили 19 декабрда Тошкент шаҳрининг Ўқчи маҳалласида таваллуд топган эди. Адиб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаб, "Шарқ юлдузи", "Ғунча" журналларида, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида, Ўзбекистон Радиосининг адабиёт бўлимида ишлади. "Ўзбекфильм" киностудияси, "Ўзбеккино" давлат акциядорлик компаниясида фаолият кўрсатган.
Адибнинг "Дарадаги қишлоқда" номли илк ҳикояси 1956 йилда "Шарқ юлдузи" журналида чоп этилган. Адабиёт мухлисларига Фарҳод Мусажоновнинг "Офтобни қувалаб", "Баҳор нафаси", "Бўш келма, Алиқулов!", "Бир қултум булоқ суви", "Душанба, нонуштадан сўнг", "Сунбула", "Боғ кўчамни қўмсайман", "Ҳиммат", "Боғ кўча", "Қилич ва соз" , "Лафз", "Куймаган жоним маним" каби насрий ижод намуналари яхши маълум.
Фарҳод Мусажонов кўплаб бадиий ва ҳужжатли фильмлар, пьесалар муаллифи.
Устоз ижодкорнинг миллий адабиётимизга қўшган ҳиссаси юксак қадрланиб, Ғафур Ғулом номидаги мукофот, "Шуҳрат" медали, "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган.
– Фарҳод аканинг оталари қатағонга учраган, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Фарҳод Мусажоновнинг жияни Маъмура Каримова. – Ҳаётда ўз йўлини топиш, қолаверса, оилага кўмаклашиш ўз даврида Фарҳод ака учун нечоғли мураккаб бўлганини англаш қийин эмас. Шундай бўлса-да, ҳаётдан сира шикоят қилганини, нолиганини билмаймиз. Барчамизнинг олий маълумотли бўлишимизда, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда уларнинг ўрни катта бўлган. Фарҳод ака доим ўқишга, изланишга даъват этардилар. Уларнинг хотирасига кўрсатилаётган эҳтиромдан жуда мамнунмиз.
[gallery-15129]
Маърифий анжуманда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Фарҳод Мусажоновнинг ҳаёти, фаолияти ва ижодига оид ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Дарҳақиқат, сўз ва амалнинг бирлигида, қатъият ва оддийликда, ижодга улкан меҳр ва садоқатда Фарҳод ака бугун ҳам чин маънода кўпларимизга ибратдир.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА