Сохта мўйлов: Болалар интернет назоратини осон четлаб ўтмоқда
Буюк Британияда ўтказилган тадқиқот интернетга киришда ёшни текшириш тизими кутилганидек самара бермаётганини кўрсатди. “Internet Mattars” тайёрлаган ҳисоботга кўра, 9-16 ёшли болаларнинг учдан бир қисми сўнгги икки ойда чекловни четлаб ўтишга муваффақ бўлган. Ҳатто, болалар орасида юзига қалам билан мўйлов чизиб, сунъий интеллектга асосланган текширувни алдаш ҳолатлари қайд этилган.
Тадқиқотга жалб қилинган ўғил-қизлар ёшни текшириш тизимини бузишнинг турли усулларини айтган: сохта туғилган сана киритиш, бошқа шахс ҳужжатидан фойдаланиш, видео ёрдамида юз кўринишини алмаштириш, ўйинлар қаҳрамонлари тасвиридан фойдаланиш ва ҳоказо. Сўров иштирокчиларининг 46 фоизи тизим содда тузилгани, 17 фоизигина бузиш қийинлигини таъкидлаган.
Маълум бўлишича, баъзи ҳолларда ота-оналар ҳам жараёнда ҳозир. Яъни, 26 фоиз сўралганлар фарзандига чекловни четлаб ўтишга рухсат берган, 17 фоизи эса бевосита ёрдамлашган.
Асосий хулоса болаларда ижтимоий тармоқ, ўйин ёки мессенжердан фойдаланиш истаги жуда кучлилиги билан изоҳланган.
Тўғри, 2025 йил кучга кирган Онлайн хавфсизлик тўғрисидаги қонун маълум даражада натижа берган: фойдаланувчиларнинг 68 фоизи ушбу платформада янги хавфсизлик чоралари мавжудлигини сезган. Барибир, муаммо ҳамон долзарб – болаларнинг қарийб ярми сўнгги ойда зўравонлик, ҳақиқатдан узоқ стандарт ёки нафрат уйғотувчи маълумотга дуч келган.
Мутахассислар эса бола хавфсизлиги чоралари манбаларга бошиданоқ жорий этилиши, ота-оналарга аниқ йўриқнома берилиши зарурлигини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА