Сўхда янги лойиҳалар ишга туширилди
Фарғона вилоятининг пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган Сўх туманига баҳор кечроқ келса-да, дилларда илиқлик, яшариш фаслига интиқлик бор.
Наврўзи оламнинг шукуҳини бугун ҳар бир маҳаллада сезиш мумкин. Қадим юртда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари эса ҳудуднинг чиройини янада очмоқда.
Чашма булоғининг таърифи жуда машҳур. Бу ердаги маҳаллий халқ азал-азалдан тоғ бағридан чиққан сувни қадрлаб, эъзозлайди. Ўзбек, тожик, қирғиз аҳил ва иноқликда шу булоқ сувидан ичиб, деҳқончиликда ҳам фойдаланади. Маълумки, дунёдаги истеъмолга яроқли сувларнинг ўртача қаттиқлиги 7-8 даражада бўлиши талаб этилади. Кўп йиллик лаборатория тадқиқотлари натижасида Сўх чашмаси сувининг қаттиқлиги 1,8-2 даражада эканлиги исботланган.
“Чашма” маҳалла фуқаролар йиғини "қизил ҳудуд" тоифасига киритилган бўлиб, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "йўл харита"си қабул қилинди. Маҳалладаги "ўсиш нуқталари" аниқланган. Аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш муҳим вазифа саналади. Тадбиркор Аҳмадбек Абдулаҳатов томонидан маҳаллада янги ўқув маркази барпо этилгани чашмаликларни беҳад мамнун этди. Ўқув марказида тикувчилик, пишириқчилик бўйича касбга ўқитиш курслари фаолият олиб боради ва бу курсларда 20 нафар хотин-қиз касб ўрганади. Шунингдек, янги гўзаллик салонига 10 нафар ёш қизлар жалб этилди. Мазкур масканнинг топширилиши Наврўз тантаналарига уланиб кетди.
Шунингдек, бу ерда янги кўприк фойдаланишга топширилди. Кўприк туманнинг Чашма ва Тариқ маҳалласини бир-бирига боғлайди. Қурилиш ишлари "Қўқон йўл таъмирлаш" масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилиб, салкам 2 миллиард сўм маблағ сарфланди. Тариқ маҳалласида жорий йилда йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилади, электр-энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши кўзда тутилган.

Туманда "Хонгузари Мирзобек" ва "Oq Saroy Paint" масъулияти чекланган жамияти томонидан истиқболли лойиҳалар ишга туширилди. Тадбиркор Олимжон Домуллоев ва соҳанинг ёш вакили Манучеҳр Мирзобековнинг бизнес ғоялари қисқа вақт ичида рўёбга чиқди. "Сўх туманида ишлаб чиқарилган" белгиси остида қуруқ қурилиш материаллари, гипс ва мел, МДФ эшик ва ромлари, газоблок, пишиқ ғишт, рангли буёқ ва травертин, гипсоблок ва гипсоплита ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Инвестицион лойиҳаларнинг умумий қиймати 29,2 миллиард сўмни ташкил этади.
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Маъмуржон Ботировнинг маълумотига кўра, яқин кунларда кичик саноат зонасида "Хонгузари Мирзобек" ишлаб чиқариш кластери ташкил этилади. Дарвоқе, ушбу корхоналарда бугун юз нафарга яқин ёш иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг 30 нафари "Ёшлар дафтари"даги йигит-қизлардир.
М.Сулаймонов, ЎзА