“Сўнгги қўнғироқ” шукуҳи
Бугун Сирдарё вилоятидаги барча умумий ўрта таълим мактабларида “Илм - энг буюк шараф” шиори остида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари байрамона ва кўтаринки руҳда ўтказилди. Гулистон шаҳридаги 15-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этди.
Тадбирда вилоят раҳбари битирувчи ўқувчиларни табриклар экан, Президентимиз томонидан йўлланган мурожаатномани ўқиб эшиттирди. Шунингдек, фаол ўқувчилар ва ўқитувчиларга эсдалик совғалари ҳамда китоблар тўпламини топширди. У ўз сўзида замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган ва ватанпарвар ёш авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлади.
Жорий 2024/2025 ўқув йили якунига кўра, Сирдарё вилоятида 10 854 нафар ўқувчи умумий ўрта таълимни муваффақиятли якунлади. Гулистон шаҳридаги 15-сонли мактабни эса 106 нафар ўқувчи битирмоқда. Вилоятдаги 324 та мактабда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки руҳда, катта ҳаяжон ва қувонч билан нишонланди.
Тадбир доирасида таълим тизимидаги ислоҳотлар, педагогларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, таълим сифатини юксалтириш, инфратузилмани яхшилаш ва ёшларга кенг имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-23572]
Эркинжон Турдимов таълим соҳасидаги ютуқларга тўхталар экан, жумладан шундай деди:
— Вилоятимизда 312 та давлат мактаби, 17 та нодавлат таълим муассасаси ва 10 ихтисослаштирилган, 1 та ижод ва 1 та Президент мактаби фаолият юритмоқда. 2020–2025 йиллар давомида 8 та янги мактаб қурилди, 55 та таълим маскани реконструкция қилинди. Шунингдек, Президент мактаби, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари ташкил этилди. Бу ёшлар учун сифатли таълим олиш имкониятлари кенгайиб бораётганининг яққол исботидир.
Асосийси, олий таълимга қамраб олиш даражаси йил сайин ортиб бормоқда. Бу йил битирувчилар қатор муваффақиятларга эришди. Энг қувонарлиси, 1 917 нафар ўқувчи халқаро ва миллий тил сертификатларини қўлга киритди, 67 нафар битирувчи давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига қабул қилинди, 38 нафар ўқувчи хорижий олийгоҳларда таҳсил олиш ҳуқуқига эга бўлишди, 176 нафар ўқувчи олтин, 20 нафар ўқувчи эса кумуш медаль билан тақдирланди, Халқаро фан олимпиадаларида 2 та олтин ва 4 та бронза медаль қўлга киритилди.
Тадбирда ёшлар мамлакат келажаги эканлиги, улар жамият тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида улкан масъулият ва ишонч билан улғаётгани таъкидланди. Шу боис, ёшлар учун муносиб таълим ва тарбия, кенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. “Сўнгги қўнғироқ” маросими битирувчилар учун мактаб ҳаёти билан хайрлашиш ва келажакка янги қадам қўйиш, мустақил ҳаётга дадил кириб боришнинг рамзий санаси сифатида тарихга муҳрланди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат) , ЎзА