Солиқчилар кўмагида муаммоларга ечим топилмоқда
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси томонидан кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирокида тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларга амалий ечимлар топишга қаратилган очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирда Жиззах вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Сардор Усмонов, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бобур Исмоилов ҳамда Савдо- саноат палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Бобур Умурзоқов сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар барча соҳаларда ўзининг ёрқин самараларини бераётгани, сўнгги йилларда тадбиркорлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳукумат даражасида алоҳида эътибор қаратилаётгани ва бизнес муҳити Жиззах вилоятида ҳам сезиларли даражада яхшиланиб бораётганини таъкидлаб ўтишди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратиш, айниқса, жойларда иқтисодий фаолликни оширишга катта эътибор қаратилаётгани ҳам бор гап. Жиззах вилоятида бу борада амалга оширилаётган ишлар натижасида тадбиркорлар сони ортиб, янги-янги иш ўринлари яратилмоқда.
– Жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида вилоятда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 64 минг 575 нафарга етди. Якка тартибдаги тадбиркорлар сони эса қарийб 3 минг нафарга кўпайди. Бу рақамлар ҳудудда тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқиш ва давлат томонидан яратилган шарт-шароитларнинг самараси бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлаб ўтган бўлар эдим, – деди Жиззах вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бобур Исмоилов.

Шунингдек, 2025 йилнинг биринчи чорагида солиқ мажбуриятларининг ихтиёрий бажарилиши 95 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич – тадбиркорлик соҳасида амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар тадбиркорлар томонидан қўллаб-қувватланаётганининг яққол исботидир.
Айни пайтда вилоят солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқотлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу учрашувларда тадбиркорларнинг фаолиятидаги муаммолар атрофлича муҳокама қилиниб, жойида ечим топишга ҳаракат қилинмоқда.
Жумладан, шу куни бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ҳам Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов ҳамда Пахтакор туманларида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг 10 дан ортиқ муаммолари шу жойнинг ўзида ҳал бўлганини таъкидлаб ўтиш лозим.
Мазкур учрашувлар нафақат Жиззах шаҳрида, балки Арнасой, Бахмал, Дўстлик ва Ғаллаорол туманларида ҳам уюштирилди.
Муаммоларни маҳаллий даражада ҳал қилишга қаратилаётган бундай ёндашувлар вилоятдаги тадбиркорлик муҳитининг янада барқарор ва самарали ривожланишига хизмат қилаётир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА