“Солиқчи – кўмакчи” – Навоийда амалий ишлар давом этмоқда
Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев иштирокида Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда Навбаҳор ва Қизилтепа туманларида тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилиб, вилоятнинг барча ҳудудларида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари вакилларининг муаммолари ўрганилди.
Жорий йил 16 март куни Президентимиз Давлат солиқ қўмитасига ташриф буюриб, солиқ органлари ходимлари билан мулоқот давомида тадбиркорлар билан учрашиб уларни муаммоларини тинглаш, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар бўйича тушунтиришлар бериш юзасидан зарур топшириқлар берган эди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари учрашувлар чоғида тадбиркорлар фаолиятида енгиллик яратиш мақсадида қўмита томонидан ишлаб чиқилган “E-aktiv”, “E-imtiyoz”, “E-ijara” автоматлаштирилган дастурий маҳсулотлари ҳамда текширувдан олдинги автоматик таҳлил - “Автокамерал” тизимининг афзалликлари ҳақида маълумотлар берди.
– “Автокамерал” автоматлаштирилган ахборот тизимининг ишга туширилиши соҳадаги янгиликлардан биридир, – деди Ж.Абдиев. – Солиқ органлари бу тизим орқали солиқ тўловчилар фаолиятида текширувдан олдинги текширишларни эмас, балки таҳлилларни ўтказиши мумкин. Яъни, солиқ тўловчи фаолияти давомида қандайдир хатоликларга йўл қўяётган бўлса ёки ҳисоботларида қандайдир тафовутлар кузатилаётган бўлса, автоматлашган тизим дарҳол солиқ тўловчининг шахсий кабинетига хатоликларни тузатиш ҳақида хабарнома жўнатади. Энг муҳими, бунда инсон омили аралашмайди. Ақлли дастур ўзи камчиликларни аниқлаб, ўз вақтида хабар беради.
Навоий вилоятида “Солиқчи – кўмакчи” тамойилини амалиётга кенг жорий этиш мақсадида, тадбиркорларда кўп учраётган ва уларни қийнаётган йўналишлардаги муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
Солиқ турлари бўйича 1 716 та субъектнинг қарийб 3 миллиард 320 миллион сўм ортиқча тўлов суммаси қайтариб берилди.
Шунингдек, вилоятда 5133 та қўшилган қиймат солиғи тўловчилари фаолият юритаётган бўлса, бугунги кунга қадар 60 нафар қўшилган қиймат солиғи тўловчиларнинг 22 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғидан манфий қолдиқ суммаси уларнинг ҳисоб рақамларига қайтарилган.

Тадбиркорлик субъектларини ортиқча харажатлар ва қонун бузилишларидан сақлаш мақсадида, 167 тасига ҳисоботларини тўлдириш ва топширишга кўмаклашилди.
“E-aktiv” автоматлаштирилган ахборот тизими бўйича янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг 120 тасига фаолият туридан келиб чиқиб, “E-ijara” автоматлаштирилган ахборот тизими бўйича эса 57 тасига тушунчалар берилди.
Бугунги кунга қадар вилоятда “E-ijara” автоматлаштирилган дастурий маҳсулоти орқали 7536 та шартнома расмийлаштирилган бўлса, “Солиқчи – кўмакчи” тамойилига асосан, вилоятда айланма маблағга муҳтож бўлган 3 та тадбиркорлик субъектига 102 миллион сўм кредит олинишига кўмаклашилди.
Абдували Бўриев, ЎзА