Солиқ тизимида янги босқич: ҚҚС, бизнесдаги янгиликлар, соддалашаётган иқтисодиёт
Соҳадаги янги тартиб, бизнесга берилаётган имтиёзлар, импорт қилувчи тадбиркорлар ва ЯТТлар учун мажбурий ҚҚС бекор қилиниши ва тизимидаги асосий янгиликлар ҳақида Солиқ қўмитаси мутахассиси билан суҳбат.
Мамлакатимизда кичик бизнес субъектлари учун солиқ режимларини қулайлаштириш, қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини янада соддалаштириш орқали бизнес ўсишини кенг рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги «Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги фармони айни йўналишда муҳим ҳужжат бўлди.
Фармоннинг аҳамияти ва унда назарда тутилган енгилликлар ҳақида ЎзА мухбири Солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Исматулло Севинчов билан суҳбатлашди.
– Бизнес ўсиши учун иқтисодий ва маъмурий қулайликлар яратиш, асосий солиқ ставкаларини оширмасдан шаффоф солиқ базасини кенгайтиришда ушбу ҳужжатнинг аҳамияти қандай?
– Давлатимиз раҳбарининг фармони билан шу кунгача тадбиркорларни қийнаб келаётган, уларнинг шаффоф ва очиқ фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган кўплаб масалалар ўз ечимини топди.
Аввало, бизнес ўсишини рағбатлантиришга устувор аҳамият қаратилганини таъкидлаш лозим. Хабарингиз бор, 2019 йилдан буён фойда солиғи ва ҚҚСга ўтиш учун белгиланган 1 миллиард сўмлик чегаравий миқдор шу кунгача қайта кўриб чиқилмаган ва қатъий белгиланган эди.
Ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, айрим тадбиркорлар томонидан айланмани 1 миллиард сўмга етказмасдан корхонани ёпиб юбориш, бир нечта корхонага бўлиш ёки харид чеки бермаслик орқали ҚҚС тўлашдан қочиш ҳолатлари учрар, бу эса бизнеснинг кенгайишига тўсқинлик қилар эди.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида 2026 йил 1 июндан бошлаб кичик бизнес учун умумий солиқ режимига ўтишдаги чегаравий миқдор 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга оширилди. Келгусида нархлар ўсишини инобатга олган ҳолда, ушбу миқдор базавий ҳисоблаш миқдорига (БҲМ) боғланди.
Шунингдек, товарларни импорт қилган юридик шахсларни, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни мажбурий тартибда ҚҚСга ўтказиш бекор қилинмоқда. Амалдаги тартиб бўйича айланмадан олинадиган солиқ тўловчи бир марта импорт орқали товар олиб келса ҳам, мажбурий тартибда ҚҚСга ўтказилар эди.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар асосий фаолияти умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳаси бўлган тадбиркорларга ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги 12 фоизлик ставкаси билан биргаликда соддалаштирилган тартибини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда. Соддалаштирилган тартибда ушбу соҳалар учун ҚҚС ставкаси 6 фоиз қилиб белгиланди ҳамда улар фойда солиғидан озод этилиб, ҳисобот топшириш мажбурияти бекор қилинди.
Бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим: соддалаштирилган тартибга ўтган тадбиркорларга ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқи берилмайди. ҚҚС бўйича мавжуд имтиёзлар ва «кэшбек» (умумий овқатланиш, туроператор ва меҳмонхона хизматларида) тартиблари қўлланилмайди, шунингдек, ҳисобга олинган ҚҚС суммалари ҳисобдан чиқарилади. Солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш ёки ундан воз кечиш хабарнома юборилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан амалга оширилади. Яъни июнь ойида хабарнома берган ҳолда, 1 июлдан соддалаштирилган тартибга ўтиш мумкин.
– Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини яхшилаш ва маъмурий юкни камайтириш борасида қандай ўзгаришлар назарда тутилган?
– Эндиликда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишда мавжуд бўлган айрим маъмурий тўсиқлар бартараф этилмоқда. Хусусан, ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси фақат ҚҚС тўловчилар ҳисобини юритиш учун берилади ва гувоҳнома ўз вақтида олинмагани учун жазо чоралари қўлланилмайди. Шу билан бирга, гувоҳномани вақтинчалик тўхтатиб туриш тартиби бекор қилинди.
Шунингдек, ҚҚС тўловчиларнинг 10 миллион сўмгача бўлган салбий фарқ суммаси уларнинг аризасисиз, автоматик тартибда ва текширув ўтказилмасдан қайтариб берилади. 2027 йилдан бошлаб эса солиқ хавфи паст бўлган солиқ тўловчиларга ҚҚСни қайтариш тўлиқ автоматик тартибда амалга оширилади.
Асосийси, кичик бизнесни қўшимча қўллаб-қувватлаш имконияти кенгайди. Жумладан, умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисмини қайтариб беришда тушум туридан қатъи назар, 40 фоиз миқдорида «кэшбек» қайтарилиши белгиланди. Амалда эса нақд пулсиз тушум 60 фоиздан юқори бўлганда тўланган ҚҚСнинг 40 фоизи, 60 фоиздан кам бўлганда 20 фоизи қайтарилар эди.
Мулоҳазаларимни якунлаб айтганда, Президентимизнинг мазкур фармони бизнес ўсиши учун иқтисодий ва маъмурий қулайликлар яратиш, асосий солиқ ставкаларини оширмасдан шаффоф солиқ базасини кенгайтиришда жуда муҳим қадам бўлди. Бу рақамли хизматлар ва адолат тамойилига асосланган солиқ маъмуриятчилигини яхшилаб, давлат, бизнес, ходимлар, истеъмолчилар ва инвесторлар манфаатлари мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Ҳамроз Баянов суҳбатлашди.