Солиқ сектори: қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни шу мақсадда ҳудудларни секторларга бўлиб ишни ташкил этиш тизимининг жорий этилгани эса халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига имкон яратди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, Наманганда вилоят, шаҳар ва туман тўртинчи секторларга масъул солиқ органлари томонидан ҳудуларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиб келинмоқда.
– Тўртинчи сектор томонидан вилоятдаги 784 та маҳалла фуқаролар йиғини томонидан шакллантирилган “Темир дафтар”га ижтимоий кўмакка муҳтож 7 минг 735 та эҳтиёжманд оила ва уларда яшовчи 35 минг 209 киши киритилиб, уларга 11 минг 314 маротаба 10 миллиард 414 миллион сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди, – дейди Наманган вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Тиллаволдиев.

11 минг 725 киши бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Амалий саъй-ҳаракатлар натижасида, “Темир дафтар”дан 7 минг 735 та оиланинг 34 минг 654 нафар аъзоси рўйхатдан (99 фоизи) чиқарилди. Қолган 106 та оила, улардаги 405 нафар фуқаронинг муаммоларини ҳал этиш, даромад манбаини ошириш орқали камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Айтиш жоизки, мазкур дафтардаги 196 эҳтиёжманд оилага тиббий хизматлар кўрсатилиб, уларнинг 172 аъзоси турли касб-ҳунар йўналишлари бўйича ўқитилди, 2 минг 183 киши ўз-ўзини расмий банд қилди.

Ҳозирги пайтда ҳудудларда ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида уйма-уй юриб, қайта хатловлар амалга оширилди, натижада аниқланган эҳтиёжманд оилаларни “Темир дафтар”га киритиш чоралари кўрилмоқда.
Хотин-қизларни ҳар томонлама ижтимоий муҳофаза қилиш тўртинчи сектор фаолиятида муҳим аҳамият касб этмоқда. “Аёллар дафтари”нинг дастлабки босқичида 8 минг 396 нафар, иккинчи босқичида киритилган 7 минг 722 нафар хотин-қиз билдирилган муаоммоларини бартараф этиш, ишсизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш ва бошқа турдаги ёрдамлар бериш орқали дафтардан чиқарилди.
Ушбу дафтардаги 3 минг 246 нафар хотин-қизга тиббий хизматлар ва 558 нафарига психологик ёрдамлар кўрсатилиб, 937 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 2 минг 934 нафари ўзини-ўзи банд қилди, 1 696 нафар аёл томонидан тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди.

– Махсус дафтарлар халқимизни эртага эмас, бугунидан рози бўлиб яшашини таъминлаш мақсадида қилинган ишдир, – дейди Наманган шаҳридаги Мажнунтол маҳалласида истиқомат қилувчи Дилноза Абдулҳамидова. – Уйда бекор юрган пайтимда МФЙ томонидан “Аёллар дафтари”га киритишди. Чеварчиликка иштиёқим ва билимим борлиги сабабли менга тикувчиликка ихтисослашган кооператив ташкил этишга ишонч билдирилди. Маҳалла идораси ёнгинасида бўш турган бино Наманган шаҳар Давлат солиқ инспекцияси раҳбари масъул тўртинчи секторнинг амалий кўмагида ижарага олиб берилиши ва кредит асосида 8 та тикув машинаси келтирилиши натижасида ўзим каби “Аёллар дафтари”да турувчи 8 нафар маҳалладош аёллар бандлигини таъминлашга эришдик.
“Аёллар дафтари”нинг навбатдаги учинчи босқичи бўйича 30 ёшдан юқори бўлган 139 минг 630 нафар хотин-қиз сўровнома асосида хатловдан ўтказилиб, улардан 12 минг 427 нафари рўйхатга киритилди ва уларга амалий ёрдам кўрсатилди.
Вилоят аҳоласининг асосий қисмини ташкил этувчи ёш авлод вакилларини ҳаржиҳатдан қўллаб-қувватлаш, хусусан “Ёшлар дафтари”дагиларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, тадбиркорликка қизиққан йигит-қизларнинг бизнес ғояларини амалга ошириш борасида тўртинчи сектор томонидан салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
“Ёшлар дафтари”ни шакллантиришда тўртинчи секторларда 103 минг 910 ёш сўровнома асосида хатловдан ўтказилиб, уларнинг 11 минг 550 нафари рўйхатга олинди.

Эътиборлиси, “Ёшлар дафтари”дагиларнинг 429 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 835 нафар ёш тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Бундан ташқари 873 ўғил-қизга “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастури доирасида жами 1 миллиард 492 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилиши таъминланди.
Чуст туманининг Меҳнатобод маҳалласидаги "Chust Gulchexra Sanoat" масъулияти чекланган жамиятига “Ёшлар дафтари”даги 37 нафар ўғил-қиз доимий ишга жойлаштирилди.
“Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида 4-секторлардаги 166 та маҳаллада мавжуд 109 минг 992 та хонадон тўлиқ ўрганилган бўлиб, жами аниқланган 16 минг 172 та муаммодан 14 минг 846 таси ёки 91,8 фоиз муаммо ҳал этилди.
Сектор вакиллари томонидан уйма-уй юрган ҳолда меҳнатга лаёқатли 28 минг 696 киши, шундан 9 минг 388 нафари ишлаш истагини билдирган. Айни пайтга қадар 6 252 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Ўрганишлар натижасида касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиш истаги мавжуд 3 минг 876 киши борлиги аниқланиб, шундан 3 минг 654 нафари ўқитилиб, бунинг натижасида 3 минг 65 нафар фуқаро тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, уларга 19 миллиард 818 миллион сўмлик миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилди. Нитажада 3 минг 65 та янги иш ўрни яратилди.
Наманган вилояти солиқ органлари масъул тўртинчи сектор томонидан ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш кўрсаткичларини яхшилаш устувор вазифа бўлиб турибди. Айни шу мақсадда маҳаллаларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш борасида жами 2 минг 240 та тадбиркорлик субъекти ўрганилди. Уларда мингдан ортиқ муаммо борлиги маълум бўлди. Ҳозирга қадар 912 та масала ўз ечимини топган бўлса, яна қолган 89 та муаммони бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, 4-сектор ҳудудларида 14 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 14 та кўча сўриток усулида узум етиштириш учун танлаб олинди ва ундаги хонадонларга 2 минг 905 та кўчат экилиши бошлаб юборилди.
Чуст тумани тўртинчи сектор ташаббуси билан Хисорак маҳалласида “Фарғона тажрибаси” асосида сўриток усулида узум етиштириш йўлга қўйилмоқда. Айни кунларда металл конструкцияли ихчам ва баланд 400 метрлик сўрилар ўрнатилмоқда. Бу каби узумчиликдан яхшигина даромад олиш мумкин. Мисол учун, хисоракликларнинг хонадонлари олдига ўтқазилаётган мазкур узумчилик тармоғидан ҳар бир оила камида 10 миллион сўмдан даромад топиши мумкин.
Ҳисоб-китобларга кўра, кўчалардаги хонадонлар ташқарисида 5,8 км. узунликда сўритоклар қуриб битказилиши натижасида қўшимча ўртача 226 тонна узум етиштирилиши, ўртача олиниши кутилаётган даромад 1,8 миллиард сўм ёки битта хонадон томонидан 1,5 миллион сўм даромад топиши кутилмоқда. Белгиланган маҳаллаларда яшаб келаётган 1 минг 239 нафар ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам эришилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА