Солиқ қўмитаси банк карталаридаги йирик пул тушумлари ҳақида маълумот олинишига изоҳ берди
Сўнгги кунларда банклар томонидан солиқ органларига ахборот тақдим этиш тартибига оид қарор лойиҳаси жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Шу муносабат билан Солиқ қўмитаси мазкур ҳужжатнинг ҳуқуқий асослари ва амалий аҳамияти юзасидан расмий тушунтириш берди.
Таъкидланишича, айрим оммавий ахборот воситаларида қарор лойиҳаси жисмоний шахсларнинг банк омонатлари ҳақидаги маълумотларни ошкор этишга қаратилган ташаббус сифатида талқин қилинмоқда. Бироқ, бундай ёндашув ҳужжатнинг асл мазмун-моҳиятини тўлиқ акс эттирмайди.
Қарор лойиҳасида амалдаги қонунчилик талаблари асосида банклар ва солиқ органлари ўртасида ахборот алмашинувининг ягона қоидаларини белгилаш назарда тутилган. Хусусан, солиқ назорати мақсадлари учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этиш тартиби, муддатлари, шакллари ҳамда электрон форматлари аниқлаштирилмоқда.
Муҳими, мазкур ҳужжат солиқ органларига янги ваколатлар бермайди, банк сирини бекор қилмайди ва фуқаролар ёки тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларига эркин кириш имкониятини яратмайди. Банклар маълумотларни фақат қонунчиликда белгиланган ҳолатларда ва белгиланган тартиб асосида тақдим этади.
Солиқ қўмитаси маълум қилишича, солиқ органларининг бу борадаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 134-моддасида мустаҳкамланган. Шунингдек, «Банк сири тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, банк мижозининг солиққа тортиш билан боғлиқ маълумотлари қонунчиликда белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилиши мумкин.
Бунда солиқ органлари томонидан олинган барча маълумотлар солиқ сири ҳисобланади. Уларни ошкор қилиш, учинчи шахсларга бериш ёки белгиланган мақсаддан ташқари фойдаланиш қонун билан қатъий тақиқланган.
Экспертлар фикрича, банклар ва солиқ органлари ўртасидаги шаффоф ва тизимли ахборот алмашинуви солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ҳамда давлат бюджети даромадларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Қайд этилишича, бундай ахборот алмашинуви механизмлари халқаро амалиётда кенг қўлланилади. Жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) мамлакатларида мазкур тизим солиқ соҳасида шаффофликни таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистоннинг Солиқ мақсадларида шаффофлик ва ахборот алмашинуви бўйича Глобал форумга аъзо бўлиши ҳам ушбу соҳада аниқ ва очиқ қоидаларни жорий этишни тақозо этмоқда.
Айни пайтда қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган бўлиб, Солиқ қўмитаси фуқаролар, тадбиркорлар, экспертлар ҳамжамияти ва оммавий ахборот воситалари вакилларини муҳокамаларда фаол иштирок этишга чақирмоқда.
Келиб тушган таклиф ва мулоҳазалар ҳужжатни такомиллаштиришнинг кейинги босқичларида атрофлича кўриб чиқилиши маълум қилинди. Бу эса қарорнинг ҳаётга татбиқ этилишида манфаатдор томонларнинг фикр ва таклифлари инобатга олинишини таъминлайди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА