Солиқчилар банк карталаридаги йирик пул ўтказмаларини кузатиши мумкин
Солиқ қўмитаси юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ҳамда омонатларига оид маълумотларни солиқ органларига тақдим этиш тартибини такомиллаштиришни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.
Лойиҳага кўра, банклар юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ҳақидаги маълумотларни электрон шаклда солиқ органларига тақдим этиши, шунингдек, солиқ назоратини амалга ошириш мақсадида солиқ органларининг расмий сўровларига мувофиқ қўшимча ахборот бериши таклиф этилмоқда.
Ҳужжатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, жисмоний шахсларнинг банк карталарига бошқа шахслардан келиб тушадиган йирик пул ўтказмалари бўйича маълумот алмашиш тизимини жорий этиш ҳисобланади. Унга кўра, яқин қариндошлардан ташқари бошқа фуқароларнинг банк карталари ёки электрон ҳамёнларидан бир ой давомида келиб тушган маблағлар йиғиндиси базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг ёки ундан ошган ҳолатларда банклар бу ҳақда солиқ органларини хабардор қилиши мумкин.
Айни пайтда 500 БҲМ 206 миллион сўмни ташкил этади. 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб БҲМ оширилиши муносабати билан мазкур кўрсаткич 220 миллион сўмга етади.
Лойиҳада жисмоний шахслар томонидан хориждаги юридик шахслар фойдасига амалга оширилган пул ўтказмалари бўйича ҳам маълумотлар тақдим этиш тартиби назарда тутилган. Бунда фуқароларнинг шахсий маълумотлари ошкор этилмаслиги қайд этилган.
Таъкидланишича, мазкур ташаббус солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ҳамда молиявий операциялар шаффофлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Агар қарор лойиҳаси тасдиқланса, Солиқ қўмитаси ва Марказий банк икки ой муддатда автоматлаштирилган «Банк–солиқ ахборот алмашинуви» модулини ишлаб чиқади. Шунингдек, тўрт ой ичида тижорат банкларининг ахборот тизимларини мазкур платформага интеграция қилиш режалаштирилган.
Ш.Маматуропова, ЎзА