Солиқ ҳуқуқбузарликлари онлайн кузатувда: фуқароларнинг иштироки ортиб бормоқда
Ўзбекистонда солиқ назорати соҳасида рақамли технологиялардан фаол фойдаланиш ва аҳоли иштирокини кенгайтириш борасида 2025 йилда тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Хусусан, “Soliq” мобил иловаси орқали солиқ қоидаларини бузиш ҳақида 112 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушиши рақамлаштириш самарадорлигини кўрсатади.
Эътиборли жиҳати шундаки, энди фуқаролар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини онлайн тарзда кузатиб, солиқ органларига ўз фикр ва шикоятларини бевосита етказиш имконига эга. Шу орқали солиқ қоидаларини бузиш ҳолатлари тезкор аниқланиб, масъуллар томонидан вақтида чоралар кўрилади.

Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2025 йилда Ўзбекистонда солиқ назорати соҳасида рақамли технологиялар ва аҳоли иштироки фаоллашган. Ўтган бир йил ичида солиқ қоидалари бузилишлари бўйича 112 412 та мурожаат “Soliq” мобил илова орқали қабул қилинди.
Ушбу мурожаатлардан, 101 236 таси харид чеки беришдан бош тортилган ҳолатлар, 4 185 таси тўловларни пластик карта орқали қабул қилмаслик билан боғлиқ бўлган. Шунингдек, 236 та мурожаатда пластик карта орқали тўловда нарх сунъий оширилгани қайд этилган. 6 755 таси бошқа турдаги солиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги билдиришлардан иборат.
Шунингдек, мурожаатларнинг 56 617 таси такрорий ёки шу жойда текширувлар олиб борилаётган субъектлар тўғрисида бўлгани учун кўриб чиқилмаган. Бу эса солиқ тизимининг самарадорлигини ошириш, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш имкониятларини кенгайтиради.
Келиб тушган мурожаатлар асосида 49 025 та сайёр солиқ текшируви ўтказилган ва уларнинг 98,8 фоизида солиқ ҳуқуқбузарликлари тасдиқланди. Бу рақам солиқ органларининг текширув ва назорат тизимида етарли даражада таъсирчанликка эга эканини кўрсатади.
Солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар қилган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида жорий этилган пул мукофоти тизими ҳам натижалар бераётгани маълум. Мазкур механизмга кўра, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича хабар берганларга солиқдан ундирилган жариманинг 20 фоиз миқдорида пул тўланади.
2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида ушбу механизм орқали 30,7 млрд. сўмлик мукофот пуллари тўлангани маълум қилинган. Бу эса солиқ тўловчиларни миллий иқтисодий қоидаларни сақлашга фаол жалб қилиш статистикасида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, мурожаатлар сони йил ўртасигача қизғин ўсишни намоён этган. Январь–май ойларида 45 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган ва 14,5 млрд. сўмлик мукофот тўланган. Январь-сентябргача эса 82 мингдан ортиқ мурожаат қайд этилган. 2025 йилнинг биринчи ўн бир ойида эса 103 180 дан ортиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақидаги билдиришлар бўлиб, уларнинг асосий қисмини харид чеки бериш билан боғлиқ ҳолатлар ташкил этган.
Бу кўрсаткичлар солиқ маданияти ва назорат тизимининг такомиллашиб бораётганлигидан дарак беради. Солиққа доир мурожаатларнинг катта қисми харид чеки бериш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлардан иборат бўлиб, бу соҳа бўйича огоҳлантириш ва ахборот кампанияларини жадаллаштириш кераклигини кўрсатади.
Солиқ ҳуқуқбузарликларига оид мурожаат тизими фуқароларни мустақил равишда назорат жараёнларига жалб этиш орқали қонуний тўлов маданиятини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Шунингдек, мукофот тўлаш механизми орқали гражданлик масъулиятини ошириш, иқтисодий фаолиятда шаффофликни таъминлаш имконияти кучаяди.
Солиқ тизимидаги рақамлаштириш ва фуқаролар билан ҳамкорлик шу йўналишда самара бераётгани келажакда ушбу механизмни янада такомиллаштириш учун асос борлигини кўрсатади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА