Сўлим табиат қўйнидаги дам олиш маскани
Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш ва кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Навоий вилоятида ҳам туризмни янада ривожлантириш ва сервис хизматини яхшилаш бирламчи вазифалардан бирига айланган. Вилоятдаги “Muhabbat bog`i” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган “Гранд Сармишсой” дам олиш маскани маҳаллий ва хорижий сайёҳларннг севимли масканига айланган.
Қарийб 7 гектар майдондаги дам олиш масканида ҳар бири икки ва тўрт хонали 30 га яқин коттеж мавжуд. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 90 нафар сайёҳга хизмат кўрсатилади.
– Мазкур лойиҳани амалга оширишда “Ўзмиллийбанк” АЖнинг 9 миллиард сўмлик кредит маблағидан унумли фойдаланилди, – дейди “Muhabbat bog`i” МЧЖ масъул ходими Соли Файзиев. – Ушбу масканнинг қурилиш ишлари 2018 йилда бошланган эди. Қисқа муддатларда фойдаланишга топширилган маскан ишга тушиши натижасида 20 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари ишли бўлди.
Навоий шаҳридан 30 киломтер узоқликда жойлашган дам олиш масканида сайёҳларга барча шароит ва қулайликлар яратилган. Бу ерга келувчилар сўлим табиат қўйнида мароқли дам олишлари, “Сармишсой” петроглифларини томоша қилишлари мумкин.
[gallery-4506]
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА