Соҳил бўйи лойиҳаси ишга туширилди
Навоий вилояти Навбаҳор туманида аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги муҳим лойиҳа – соҳил бўйи мажмуаси фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳа туман инфратузилмасини ривожлантириш йўлидаги яна бир амалий қадам сифатида эътироф этилмоқда.

Лойиҳанинг очилиш маросимида Келачи, Бешработ, Юқори Бешработ ва Бурқут маҳаллалари ҳудудида амалга оширилган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари жамоатчиликка намойиш этилди. Қисқа муддат ичида соҳил ҳудуди мутлақо янгича қиёфа касб этди.
Мазкур лойиҳа доирасида соҳил бўйи ҳудудлари комплекс равишда ободонлаштирилиб, яшил майдонлар барпо этилди, замонавий инфратузилма шакллантирилди. Хусусан, аҳолининг мазмунли дам олиши учун қулай пиёдалар йўлаклари, дам олиш масканлари, ёруғлик тизимлари ҳамда турли хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди.

Соҳил бўйи лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати унинг иқтисодий аҳамияти билан боғлиқ. Лойиҳа тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, соҳил ҳудудида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий юксалишига хизмат қилади.
Қайд этиш жоизки, мазкур соҳил бўйи лойиҳаси Навбаҳор туманида аҳоли учун қулай ва замонавий муҳит яратиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири