Соғлом турмуш тарзини таъминлаш – устувор вазифа
Бугун Тошкент шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳафталиги бошланди. Ҳафталик доирасида Олий Мажлис палаталари қўмиталари томонидан барқарор ривожланиш соҳасидаги барча миллий мақсадлар бўйича туркум давра суҳбатлари ўтказилади.
Шундан келиб чиқиб,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Барқарор ривожланиш соҳасидаги 3-мақсад сифатида “Соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашиш” белгиланган. Ушбу мақсаднинг ўзи 10 та долзарб йўналишни қамраб олган. Хусусан, 2030 йилга бориб оналар ўлими кўрсаткичини учдан бир бараварга тушириш, янги туғилган чақалоқлар ва беш ёшгача бўлган гўдакларнинг нобуд бўлишини икки баробарга камайтириш, вирусли гепатит ва бир қатор бошқа касалликларни бартараф этиш устувор вазифалар сирасига киради.
[gallery-2738]
Давра суҳбатида мавзуга оид масалаларда хориж тажрибалари ва эришилган ютуқлар ҳақида батафсил ахборотлар эшитилди. Тадбирда Ўзбекистонда оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига кўпроқ урғу берилди.
Таъкидланганидек, ўтган икки йил давомида соҳага оид 5 та норматив ҳужжат қабул қилинди ҳамда ижроси назоратга олинди. Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудларида аёлларнинг умумий сони 16,8 миллион нафардан ортиқ бўлиб, улардан туғиш ёшидагилари 8,9 миллион нафарни – умумий аҳоли сонининг 26,9 фоизини ташкил қилади. Уларга 227 та туғруқ муассасаси томонидан тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Шунингдек, гўдаклар орасида ногиронликни эрта аниқлаш, уларнинг олдини олиш, фертиль ёшдаги аёллар ва қизлар саломатлигини яхшилаш мақсадида Республика, вилоят миқёсида неонатал хирургия, болалар кардиожарроҳлиги, қизлар гинекологияси ҳамда каминвазив (лапароскопик) гинекология ҳамда Болалар миллий тиббиёт маркази бўлимлари ташкил этилди.
Биргина мисол, 2016 йилда 300 нафар болада кардиожарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлса, 2020 йил якунида ушбу кўрсаткич 2 минг 800 нафарни ташкил этди. Бу эса, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасидир.
Нурилло Насриев, ЎзА