Соғлом овқатлантириш тартиби такомиллашади
Чирчиқ шаҳридаги 14-ДМТТда “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари” мавзусида Республика семинари ва ОАВ ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди. Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев, вазирлик тизимидаги ҳудудий бўлинмалар масъуллари ва МТТ педагогик жамоаси иштирок этди.
Тадбирда давлат боғчаларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштиришга оид амалий кўникмалар, таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди. Бу бўйича 14-ДМТТ мисолида жараёнлар намойиш этилди. Маълумот ўрнида, ҳозир Чирчиқ шаҳрида жами 61 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритади. Ушбу боғчада эса Хитой тажрибаси асосида тарбияланувчиларга эрта ёшдан эътиборан касб-ҳунарга йўналтириш амалиёти жорий этилган.

Тадбир давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жойларда амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.

Мутахассислар томонидан қилинган тақдимотда давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида овқатлантиришнинг мақсад ва вазифалари айтиб ўтилди. Аутсорсинг корхоналари томонидан марказлашган ҳолда ДМТТларига белгиланган озиқ-овқат маҳсулотини етказиш, сақлаш, ошхонага чиқариш тартиблари ҳақида маълумот берилди.


– Мазкур семинар орқали жойлардаги боғчаларда болаларнинг соғлом овқатланишини янада яхшилашга эришамиз. Кузатувларимизга кўра, аксарият давлат боғчаларида болаларни овқатлантириш жараёни ўзлари ишлаб чиққан режа асосида ташкил этилган.


Бунда озиқ-овқат маҳсулотларини турли таъминотчилар етказиб берган. Ошпазлар орасида ҳам тажрибасизлари учраган. Эндиликда аутсорсинг тизими орқали кўплаб қулайликлар яратилди.

Тадбиркорлар малакали ошпазлар, муҳандислар ва бошқа мутахассисни ишга жалб қилади. Махсус таомнома бўйича мавсумга қараб турли овқатлар қилинади, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўлим бошлиғи Ҳусан Тўрахўжаев. Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, ЎзА.