“Соғлом ҳаёт” марафони минглаб иштирокчиларни бирлаштирди
Сирдарё вилоятида Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан “Соғлом ҳаёт фаровон келажак гаровидир!” шиори остида оммавий юриш марафони ташкил этилди. Тадбир Гулистон шаҳрининг Марказий истироҳат боғидан Дўстлик канали бўйлаб Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказигача бўлган 3 километрлик йўналишда ўтказилди.
Марафон аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний фаолликни кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилди.
Тадбирда тармоқ касаба уюшмалари раҳбар ходимлари ҳамда мингга яқин аъзолар иштирок этиб, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашга қаратилган оммавий ҳаракатда фаол қатнашдилар.

Тадбирда сўз олган вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов жорий йил 7 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифаларга тўхталиб ўтди. У давлат раҳбарининг соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш, жисмоний тарбия ва спортни аҳоли ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириш борасида билдирган фикрларини алоҳида таъкидлади.
— Президентимиз таъкидлаганидек, “спорт — бу фақат мусобақа эмас, балки соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва мамлакат нуфузини намоён қиладиган катта кучдир”, — деди Рустамбек Турсунмуродов. Ушбу фикрлар ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётида ўз аксини топиши, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда оммавий спортни кенг ёйиш бугунги куннинг долзарб вазифасига айлангани қайд этилди.
Марафонда иштирок этган Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши раиси Акбархон Мирзахонов бундай оммавий тадбирлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Унинг қайд этишича, юриш нафақат жисмоний фаолликни оширади, балки жамоавийлик, бирдамлик ва соғлом турмуш тарзига бўлган муносабатни ҳам кучайтиради.

— Бугунги юриш инсонларни фақат жисмонан эмас, балки маънан ҳам бирлаштиради. Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда бундай оммавий тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга, — деди Акбархон Мирзахонов.
Шунингдек, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Алижон Мамарасулов тадбирнинг ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. У соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аввало, таълим тизими билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади.
— Таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ўқувчи-ёшларда тўғри ҳаёт тарзини шакллантириш орқали биз нафақат бугунги, балки эртанги жамият пойдеворини мустаҳкамлаймиз. Соғлом турмуш тарзини кенг ёйиш эса келажак авлод саломатлигига хизмат қилади, — дея таъкидлади у.

Эрта тонгда бошланган юришда иштирокчилар белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб, жамоавийлик ва бирдамлик муҳитини намоён этдилар. Шаҳарнинг мусаффо ҳавоси, истироҳат боғининг хушманзара табиати барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
Мутахассислар таъкидлаганидек, юриш жисмоний фаолликнинг энг оддий ва самарали турларидан бири бўлиб, у организмни мустаҳкамлаш, қон айланишини яхшилаш ва умумий саломатликни тиклашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бундай оммавий тадбирлар жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим ўрин тутади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири