Соғлом авлод аввало оила муҳитида шаклланади
Гулистон шаҳридаги ёш оилаларда масъулиятли ота-оналикни тарғиб қилишга қаратилган маърифий тадбир бўлиб ўтди. Учрашув Сирдарё вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси доирасида ташкил қилинди.
Унда ота-оналик масъулияти, оила тайёргарлиги, репродуктив саломатлик, иқтисодий саводхонлик ва оиладаги маънавий муҳит масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ёш оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оилавий муаммоларни самарали ҳал этиш йўллари ҳақида тавсиялар берилди.

Вилоят ҳокими ўринбосари ва оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева ёш оилаларда масъулиятли ота-оналик маданиятини шакллантиришда давлат дастурларининг аҳамиятини таъкидлаб, жумладан шундай деди:

– Оиладаги маънавий муҳит болаларнинг келажагига бевосита таъсир қилади. Шунинг учун ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом ва билимли бўлиши учун масъулиятни англаб яшаши лозим.

Маълумотларга кўра, Сирдарёда бугунги кунгача 4597 хотин-қизга тиббий маслаҳатлар берилган ва уларнинг аксарияти соғлом турмуш тарзига қайтарилган. Шунингдек, 1531 дан ортиқ спорт мусобақасида 44 минг 940 нафар хотин-қиз иштирок этган, оилавий спортни ривожлантириш мақсадида 11 та жамоада 110 дан ортиқ аёл ва фарзандлар иштирокида фестивал ташкил қилинган.


Иштирокчилар таъкидлаганидек, соғлом авлод тарбияси аввало масъулиятли ота-оналикдан бошланади ва бу жамиятнинг маънавий юксалиши ҳамда барқарор тараққиётини таъминлайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири