Соғлиқни сақлаш вазири: "Коррупцияга мойил ходимларга сафимизда жой йўқ"
Тошкент давлат тиббиёт университетида Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов бошчилигида жойларда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда вазирлик масъуллари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ва Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ҳамда тизим ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида бирламчи тиббиёт тизими самарадорлигини ошириш, тажриба-синов ҳудудларида кадрлар таъминоти, беморлар маршрутизацияси, тиббиёт муассасаларида дори воситалари захираси, юқори технологияли диагностика воситаларидан самарали фойдаланиш, оналик ва болалик муҳофазаси, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш каби қатор масалалар таҳлил қилинди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолияти билан боғлиқ муаммолар муҳокама этилди.

Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинаётган тажриба-синов ҳудудларида ҳануз шифокорлар вакант иш ўринлари мавжудлиги танқид остига олинди. Масалан, Денов, Ғаллаорол, Сирдарё, Каттақўрғон ва Ургут туманларида кўрсаткичлар юқори.
Оилавий поликлиникаларда ўрта тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада фаолият юритиши белгиланган бўлса-да, Ғиждувон, Хатирчи туманлари ва Янгийўл шаҳрида бу талабларга тўлиқ амал қилинмаган. Қолаверса, баъзи ҳудудларда оилавий шифокорлар томонидан беморларни тор соҳа мутахассисларига асоссиз йўналтириш ҳолатлари учрамоқда.

Айрим шифохоналарда юқори технологик ускуналардан самарали фойдаланилмаяпти.
"Инфаркт ва инсультга қарши курашиш" миллий дастурини тажриба-синов тариқасида жорий этишда ҳам баъзи ҳудудларда ва тиббиёт муассасаларида сусткашликка йўл қўйилмоқда.
Шу билан бирга, қатор тиббиёт муассасаларида шошилинч қабул бўлимлари халқаро ва миллий стандартлар талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги айтиб ўтилди. Сарфлов материалларининг номутаносиб тақсимланиши, уларга бўлган реал эҳтиёжни режалаштиришда тизимли хатоликларга йўл қўйилгани қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасаларида санитария талабларига риоя этиш, даволаш-профилактика муассасаларини рақамлаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари раҳбарларининг ахборотлари тингланди.

– Ўз ишига совуққонлик билан ёндашган ҳеч бир раҳбар кечирилмайди, – деди вазир. – Халқимиз ва Президентимиз билдирган ишончни оқлаш учун, аввало, ишга бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришимиз керак. Зиммасидаги масъулиятни ҳис қилмайдиганлар билан хайрлашамиз. Коррупцияга мойил ходимларга ҳам сафимизда жой йўқ.
Тадбир якунида аниқланган хато ва камчиликлар бўйича қатор масъуллар огоҳлантирилди. Муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш бўйича мутасаддиларгa тегишли топшириқлар берилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА