"Сўғдиёна" ёмон ўйнамади, аммо...
Футболда баъзан якуний ҳисоб учрашувнинг бутун манзарасини айтиб бермайди. Рақамлар ғолибни кўрсатади, аммо ғалабанинг қандай қурилгани, қайси нуқтада бир жамоа иккинчисидан устун келгани, қайси вазиятда ўйин тақдири ўзгаргани ҳақида жим туради.
Фарғонадаги “Нефтчи” — “Сўғдиёна” учрашуви ҳам айнан шундай баҳслардан бири бўлди. Унинг 3:0 кўринишидаги якуни ортида мезбонларнинг босими, меҳмонларнинг қаршилик кўрсатишга бўлган уриниши, дарвозабонлар маҳорати, VAR қарорлари ва охир-оқибат бир киши камайиб қолган жамоанинг синган иродаси мужассам.
19-тур баҳси аввалидаёқ “Нефтчи”нинг ниятини англаш қийин эмасди. Фарғона жамоаси тўпни кўпроқ назорат қилишнинг ўзи билан чекланмади, ҳужумларни тезлаштириш, айниқса, қанотлардан фойдаланиб рақиб ҳимоясини ёйишга уринди. Бу оддий устунлик эмас, ўйинни ўз қоидалари асосида қуришга бўлган интилиш эди. “Сўғдиёна” эса мезбонлар босимини қабул қилиб олиб, қулай фурсат туғилиши билан қарши ҳужумга ўтишни кўзлади.
Аммо бу режанинг амалга ошиши учун жиззахликларга аввало “Нефтчи”нинг биринчи босимини енгиб ўтиш керак эди. Мезбонлар бунга имкон беришмади.
Дастлабки дақиқалардаёқ Алишер Одиловнинг жарима майдончасидаги ҳаракати ва кейинги хавфли ҳужумлар “Нефтчи” рақиб дарвозасини тасодифий эмас, изчил равишда нишонга олаётганини кўрсатди. 12-дақиқада Иброҳимхалил Йўлдошевнинг зарбасини Милан Митрович қайтаргани ҳам бу босимнинг иккинчи томонини очиб берди: “Сўғдиёна” фақат ҳимояланиб қолмади, аммо унинг ҳужумлари мезбонларники каби узлуксизлик касб эта олмади.

24-дақиқада эса ўйиндаги биринчи муҳим саволга жавоб топилди. “Нефтчи”нинг кетма-кет ҳужумлари Зоран Марушичнинг аниқ зарбаси билан якунланди. 1:0 — рақамдан кўра муҳимроғи, мезбонлар ўзлари танлаган ўйин услубининг биринчи самарасини олган эди.
Бироқ “Сўғдиёна”нинг ўша пайтдаёқ синганини айтиш нотўғри бўларди. Аксинча, меҳмонлар биринчи бўлим охирида бир неча марта вазият яратди. 39-дақиқада Йововичнинг қарши ҳужумдан кейинги зарбасини Митрович қайтарди. 42-дақиқада эса жиззахликлар дарвозага йўллаган тўп офсайд сабабли ҳисобга олинмади. Шунингдек, Жавоҳир Қаҳрамоновнинг хавфли зарбасига Ботирали Эргашев жавоб берди.
Демак, танаффусгача бўлган манзарани бир томонлама ҳукмронлик деб баҳолаш қийин. “Нефтчи” ташаббусни ушлаб турди, “Сўғдиёна” эса унинг бўшлиқларини қидирди. Фарқ шунда эдики, мезбонлар ўз режасини кўпроқ ҳолатда рақиб майдонига кўчира олди.
Иккинчи бўлим ана шу курашнинг давоми сифатида бошланди. “Сўғдиёна” ҳисобни тенглаштириш учун олдинга чиқди, бу эса “Нефтчи”га қарши ҳужумлар учун бўшлиқлар қолдирди. 48- ва 49-дақиқаларда Митровичнинг кетма-кет сейвлари меҳмонларнинг ҳали таслим бўлмаганини, шу билан бирга, мезбонларнинг ҳимояда ҳам жиддий синовдан ўтаётганини кўрсатди.

Кейин эса учрашувнинг энг баҳсли нуқталаридан бири юзага келди.
56-дақиқада Марушич яна бир бор дарвозани ишғол қилди. Бироқ ҳакам Ғайрат Жўраев офсайд қайд этгани учун гол дастлаб инобатга олинмади. Вазият VAR орқали қайта кўриб чиқилди. Натижада қарор ўзгарди — гол ҳисобга олинди ва “Нефтчи” 2:0 ҳисобида олдинга чиқди.
Бу ерда масала фақат ҳисобнинг ўзгарганида эмас. 1:0 билан 2:0 ўртасида футбол нуқтаи назаридан катта руҳий фарқ бор. Бир гол фарқи сақланиб турганида “Сўғдиёна”нинг умиди тирик эди. Иккинчи гол эса меҳмонларни нафақат янада очилишга, балки таваккалчиликка мажбур қилди.
Бош мураббий Улуғбек Бақоевнинг матбуот анжуманида айнан шу эпизодга алоҳида тўхталиши ҳам бежиз эмас.

— Аввало, “Нефтчи”ни ғалаба билан табриклайман. Ўйин ҳақида кўп гапирмоқчи эмасман. Фақат ўтказиб юборилган иккинчи гол бўйича кўпчиликнинг фикри қизиқ. Ўйиндан ташқари вазиятда турган рақиб футболчиси дарвозабонимизнинг тўпни кўриш имкониятини чеклаб турганди. Аввалига гол ҳисобга олинмади, кейин эса инобатга олинди. Ҳайронман, — деди “Сўғдиёна” устози.

Бироқ учрашув тақдирини фақат VAR қароридан излаш ҳам бирёқлама ёндашув бўлади. Чунки орадан кўп ўтмай “Сўғдиёна”нинг аҳволини янада оғирлаштирган воқеа рўй берди.
68-дақиқада Шоҳжаҳон Султонмуродов майдондан четлатилди. Унинг Владимир Йововичга нисбатан қўпол ҳаракати дастлаб сариқ карточкага лойиқ деб баҳоланди. Аммо VAR аралашувидан кейин бош ҳакам Ғайрат Жўраев қарорини ўзгартириб, меҳмонлар футболчисига қизил карточка кўрсатди.
Ана шу лаҳзада 2:0 ҳисобининг ўзи ҳам “Сўғдиёна” учун етарлича оғир бўлса, энди майдонда бир киши кам қолиш жамоанинг тактик имкониятларини янада қисқартирди. Меҳмонлар ортга чекиниб, ҳисобни сақлаб қолишга уриниши мумкин эди. Олдинга чиқса, “Нефтчи”нинг тезкор ҳужумларига янада катта ҳудуд қолдириши аниқ эди. Яъни Бақоев жамоаси учун ҳар икки йўл ҳам хавфдан холи эмасди.
Шунга қарамай, “Сўғдиёна” таслим бўлмади. Буни учрашувнинг энг муҳим жиҳатларидан бири сифатида қайд этиш керак. Бир киши кам бўлиб қолганига қарамай, меҳмонлар ўйинни ташлаб қўймади. Аммо футболда жасоратнинг ўзи баъзан етарли бўлмайди. Сони камайган жамоа ҳудудни йўқотади, ҳудуд йўқолса, рақибга қарор қабул қилиш учун кўпроқ имконият пайдо бўлади.

“Нефтчи” эса айнан шу имкониятдан фойдаланди.
Мезбонлар шошилмади. Рақибнинг яна бир бор очилишини кутиб, қарши ҳужум учун қулай паллани пойлади. Қўшиб берилган вақтда Алишер Одиловнинг тезкор ҳаракати ана шу режанинг мантиқий давоми бўлди. У ҳимоячилардан қочиб чиқиб, зарба йўллади. Дарвоза устунидан қайтган тўпни Стипе Перица тўлдириб, учрашувга нуқта қўйди.
3:0. Аммо бу ҳисобни оддий йирик ғалаба сифатида қабул қилиш “Нефтчи”нинг ўйинидаги асосий жиҳатни кўздан қочиради. Фарғона жамоаси рақибини бир зумда эмас, босқичма-босқич синдирди: аввал босим билан, кейин гол билан, сўнг VAR орқали тасдиқланган иккинчи зарба билан ва ниҳоят бир киши камайган рақибнинг бўшлиқларидан фойдаланган ҳолда.
Шу маънода, бу баҳсда Марушичнинг дубль қилиши ёки Перица қўшимча вақтда учинчи голни урганидан кўра муҳимроқ жиҳат — “Нефтчи” нинг ўйин вазиятига қараб ўз услубини ўзгартира олганида эди. Мезбонлар зарур пайтда босим қилди, зарур пайтда қарши ҳужумга ўтди, рақибнинг кучайган палласида дарвозабони Ботирали Эргашевга суянди ва устунликни қўлга киритгач, уни бой бермади.

“Сўғдиёна” учун эса Фарғонадаги мағлубиятдан чиқариладиган хулоса фақат ҳимоядаги хатолар ёки ҳакам қарорлари билан чекланмаслиги керак. Чунки жамоа биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлим бошида ҳам рақибга жиддий қаршилик кўрсатиш имкониятига эга эди. Бироқ ҳал қилувчи вазиятларда “Нефтчи” совуққонроқ ҳаракат қилди.
Бу жамоаларнинг жорий мавсумдаги иккинчи тўқнашуви эди. Биринчи даврада Зоминда ўтган баҳсда ҳам “Сўғдиёна” фарғоналикларга 1:5 ҳисобида мағлуб бўлган. Ўша оғир мағлубиятдан кейин жиззахликлар ўйинида ўзгариш сезилиб, жамоа қаторасига тўрт учрашувда ғалаба қозонган эди. Шунинг учун Фарғонадаги 0:3 натижа оддий навбатдаги йўқотиш эмас — Бақоев жамоасининг ўша олдинги сабоқлардан қай даражада хулоса чиқара олгани ҳақида жиддий савол қўядиган натижа.
“Нефтчи” эса аксинча, мавсумнинг шу палласида яна бир муҳим сигнал берди: жамоа нафақат ғалаба қозонишни, балки ўйин тақдирини ўз фойдасига буришнинг турли йўлларини ҳам билади. Фарғонадаги уч очконинг қиммати ҳам шунда — рақибнинг хатосини кутишда эмас, уни хато қилишга мажбур қиладиган ўйинни қуришда.
Футболда чемпионликка даъво қилаётган жамоалар айнан шундай баҳсларда тобланади. Катта ҳисоб билан эмас, катта ҳисобга олиб борган ўйин билан.
Бугун ва 25-26-август кунлари 19-турнинг қолган баҳслари бўлиб ўтади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири