"Сўғдиёна" қийин ғалабага эришди
Футбол: Ўзбекистон кубоги
Футболда баъзан ҳисоб ўйин манзарасини тўлиқ ифодалаб беролмайди. Муборакда кечган “Машъал” — “Сўғдиёна” баҳси ҳам ана шундай учрашувлардан бири бўлди.
Ўзбекистон кубоги “C” гуруҳининг 2-туридан ўрин олган беллашувда жиззахликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса-да, майдонда кечган кураш ҳар икки жамоанинг бугунги ҳолати, муаммолари ва имкониятлари ҳақида жиддий хулосалар чиқаришга асос берди.

Учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ меҳмонлар ташаббусни ўз қўлларига олди. Майдон марказида устунликни таъминлаган жиззахликлар ҳужумларни тезкор ташкил этиб, рақиб ҳимоясини босим остида ушлаб турди. “Машъал” эса ўз майдонида ҳаракат қилаётганига қарамай, ўйинга мослашишда қийналди. Айниқса, ҳимоя ва ярим ҳимоя ўртасидаги узилишлар муборакликларга қимматга тушди.
“Сўғдиёна” нинг босими 8-дақиқада самара берди. Абдулазиз Абдурашидовнинг зарбасидан кейин ҳимоячига теккан тўп йўналишини ўзгартириб, дарвозадан жой олди. Гол меҳмонларга ишонч бағишлаган бўлса, майдон эгаларида, аксинча, руҳий босимни кучайтирди.
Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса жиззахликлар яна бир бор рақибни жазолади. Амирбек Саидовнинг аниқ ва ўйланган узатмасидан кейин Оллоберган Каримов вазиятдан совуққонлик билан фойдаланиб, ҳисобни 0:2 кўринишига олиб келди. Шу тариқа меҳмонлар танаффусга ўртача устунлик билан йўл олишди.

Бироқ иккинчи бўлимда майдонда мутлақо бошқа “Машъал” кўринди. Танаффусда мураббийлар штаби томонидан берилган кўрсатмалар ўз самарасини бера бошлади. Муборакликлар олдинроқ ҳаракат қилиб, қанотлар орқали ҳужумларни кўпайтирди. Энг муҳими, жамоада гол киритиш учун имкониятлар юзага кела бошлади.
68-дақиқада учрашувнинг энг чиройли голларидан бири киритилди. Иброҳим Ғанихонов майдон марказида тўпни эгаллаб, бир нечта ҳимоячини ортда қолдирган ҳолда кучли зарба йўллади. Дастлаб тўсинга теккан тўп, айланиб дарвоза тўридан жой олгач, стадиондаги мухлисларда умид уйғонди — 1:2.
Шундан кейин “Машъал” кетма-кет ҳужумларга зўр берди. Майдон эгалари рақибни ўз жарима майдонига қадар сиқиб қўйди. Аммо якуний зарбадаги совуққонлик ва аниқлик етишмади. “Сўғдиёна” эса катта қийинчилик билан бўлса-да, устунликни сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Бу ғалаба жиззахликларга нафақат навбатдаги уч очкони, балки плей-офф йўлланмасини ҳам тақдим этди. Гуруҳнинг яна бир учрашувида “Олимпик-MobiUz” Республика футбол академияси жамоасини кичик ҳисобда мағлуб этгач, “Сўғдиёна” ва тошкентликлар муддатидан олдин кейинги босқич масаласини ҳал қилишди.
Учрашувдан кейин “Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Боқаев ўйин оғир кечганини таъкидлаб, айниқса, об-ҳаво ва рақиб босими жамоага қийинчилик туғдирганини қайд этди. Унинг фикрича, “Машъал”да асосий муаммо руҳий босим билан боғлиқ.
— “Машъал”да вазият яратиш, тўпни назорат қилиш бор. Лекин кетма-кет мағлубиятлар футболчилар руҳиятига таъсир қилгани кўриниб турибди, — деди мутахассис.

Дарҳақиқат, бугунги “Машъал”нинг асосий дарди техник ёки тактик эмас, психологик омилга кўпроқ бориб тақалмоқда. Суперлигада ҳали очко ишлай олмаган жамоа учун ҳар бир мағлубият босимни янада оширмоқда. Бироқ иккинчи бўлимда намоён бўлган характер муборакликларда ҳали синиб улгурмаган жамоавий руҳ борлигини ҳам кўрсатди.
“Сўғдиёна” эса, аксинча, оғир ўйинларда натижа учун кураша оладиган жамоага айланиб бораётганини исботлади. Жиззахликлар ҳали мазмунли ва барқарор футбол намойиш этаётгани йўқ. Аммо қийин баҳсларда ҳам очко олишни ўрганаётгани кубок баҳсларида муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири