«Сўғдиёна» ўз уйида «Динамо» клубига таслим бўлди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 27-туридан ўрин олган «Сўғдиёна» ва «Динамо» жамоалари ўртасидаги ўйин «Зомин» стадионида ўтказилди.
Азалий рақиблар ўртасидаги ўйин мезбонларнинг ўта тезкор ҳисобни очиши билан бошланди. Жумладан, ўйиннинг иккинчи дақиқасида Жавоҳир Қаҳрамонов рақиб дарвозасига тўпни жойлаб қўйди ва «Сўғдиёна»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Гол ўтказиб юборганидан сўнг ҳужумларни кучайтирган самарқандликлар биринчи бўлим ўрталарида мувозанатни тиклашга эришди. 32-дақиқада Артём Радаевнинг узатмасини Амаду Думбуя голга айлантирди.
Танаффусдан кейин ҳам «Динамо» ҳужумкор ўйинни давом эттирди. 73-дақиқада Анваржон Ҳожимирзаев пенальтидан аниқ зарба йўллаб, меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан олти дақиқа ўтиб, Харис Хайдаревичнинг узатмасидан сўнг Расул Йўлдошев тўпни дарвозага жойлаб, самарқандликларнинг устунлигини янада оширди. Қолган вақтда ҳисоб ўзгармади ва «Динамо» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шу тариқа, Улуғбек Бақоев бошқараётган «Сўғдиёна»нинг ғалабасиз ўйинлари серияси саккизтага етди. Жиззахликлар охирги бор 5 сентябрь куни ўз майдонида «Машъал»ни мағлуб этган эди. Шундан кейинги учрашувларда жамоа «Хоразм», «Бунёдкор» ва «Бухоро» билан дуранг ўйнади. ОКМК, «Локомотив», «Насаф» ва Ўзбекистон кубогида «Андижон»га қарши баҳсларда мағлуб бўлди. «Динамо»дан учралган мағлубият эса ушбу салбий серияни давом эттирди.
27-турдан кейин «Динамо» очколари сонини 37 тага етказиб, турнир жадвалида саккизинчи ўринга кўтарилди. 30 очкога эга «Сўғдиёна» эса 11-поғонада қолди.
Бугун, 7 ноябрь куни Суперлиганинг 27-тури доирасида яна учта учрашув бўлиб ўтади:
16:00 — «Андижон» — «Локомотив»;
16:15 — «Машъал» — «Сурхон»;
18:30 — «Қизилқум» — «Навбаҳор».
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА