Отабек Умаров номзоди IKA Президентлигига тавсия этилди
Бугун, 7 ноябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида 70 га яқин давлатнинг маҳоратли спортчилари иштирокида кураш бўйича XV жаҳон чемпионати беллашувлари бошланади.
Кеча мазкур жаҳон чемпионати доирасида ўтказилган Халқаро кураш ассоциацияси (IKA)нинг навбатдаги XXII конгрессида Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси мутасаддиларидан иборат мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.
Йиғилишда ассоциация раҳбариятининг ҳисоботлари тингланиб, 2025-2026 йилларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Муҳокамалар жараёнида таъкидланганидек, ўтган йиллар давомида ўтказиб келинаётган турнир ва чемпионатлар кураш спортининг техник-тактик тамойилларини янада ривожлантириш лозимлигини кўрсатмоқда.
Билдирилган фикрлар, таклифлар асосида кураш бўйича мусобақаларни ташкил этиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш, ҳакамлик ва рейтинг тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилиниб, зарур тавсиялар илгари сурилди.
Конгрессда сўзга чиққан Осиё олимпия кенгаши вице-президенти, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ота-боболаримиздан мерос курашни халқаро майдонда ривожлантириш, унинг оммавийлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти, МОҚ раиси, Халқаро кураш ассоциациясининг фахрий Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигини, бугунги кунда 100 дан ортиқ мамлакатда 30 миллионга яқин инсон кураш билан шуғулланаётганини таъкидлаб, уни Олимпия ўйинлари дастурига киритиш устувор вазифа эканлигини қайд этди.
Айтиш лозимки, Халқаро кураш ассоциациясининг белгиланган низомига мувофиқ, IKAнинг 2027 йилги конгрессида ташкилотга янги президент сайланиши, ушбу вазифага номзодлар XXII конгресс йиғилишида кўрсатилиши назарда тутилган.

Конгрессда 2027 йилда бўлиб ўтадиган Халқаро кураш ассоциацияси Президенти ва бошқарув қўмитаси аъзолиги учун номзодлар масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Остона шаҳрида ўтказилган анжуман давомида иштирокчиларнинг таклиф ва тавсиялари асосида халқаро спорт соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси, Осиё спорти ривожи йўлидаги меҳнатларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда курашнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш мақсадида Отабек Умаров номзоди IKA президентлигига илгари сурилди ва бу ташаббус делегатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, Зиёвиддин Хожиниязов номзоди кейинги йил сайловида ассоциациянинг биринчи вице-президенти лавозимига тавсия этилди.
Кейинги сайловнинг аниқ санаси ва ўтказилиш жойи 2026 йил 19–22 декабрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган IKA бошқарув қўмитаси йиғилишида белгиланиши маълум қилинди.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик Бекзод Муҳтарамин IKAнинг халқаро алоқалар ва ўйинлар бўйича вице-президенти, туркиялик Юсуф Йилдирим IKAнинг молия масалалари бўйича директори этиб тасдиқланди.
Конгресс давомида янги миллий федерацияларни ассоциация таркибига қабул қилиш, IKA Устави, мусобақа ва ҳакамлик қоидаларини такомиллаштириш ва рейтинг тизимини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Курашнинг халқаро спорт ўйинларидаги иштирокини кенгайтириш, CISM, Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси ўйинлари, Турон халқаро федерацияси ҳамда Кўзи ожизлар спорти халқаро федерацияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА