Сирдарёлик ёш спортчиларнинг муваффақиятлари
Пойтахтимизда “Президент Олимпиадаси” доирасида ўтказилаётган енгил атлетика мусобақаларида Сирдарё вилоятининг Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчиси Маъруф Маҳкамбоев баландликка сакраш йўналишида фахрли 1-ўринни эгаллади.
– Баландликка сакраш беллашувида Маъруф томонидан қўлга киритилган бу олтин медаль сирдарёлик спорт ишқибозлари учун муносиб туҳфа бўлди, – дейди Сирдарё вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов.

Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган истеъдодли ёш спортчилар иштирок этаётган мазкур мусобақа юқори рақобат руҳида ўтмоқда. Аёллар кураши бўйича Сардоба туманининг спорт мактаби тарбияланувчилари Мадина Ғофурова кумуш, Мухлиса Жабборова бронза медалини қўлга киритди.
Эркин кураш йўналишида Баҳромбек Рашидов кумуш, Улуғбек Пардабоев эса бронза медалига сазовор бўлди.

Босқон улоқтиришда Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спортчиси Ирода Тилаганбоева, юнон-рим курашида Умиджон Раҳмоналиевлар бронза медалларига эга чиқишди.
Қизлар ўртасида баландликка сакраш баҳсларида Ангелина Ишмуратова кумуш медаль соҳибасига айланди.

Маъруф Маҳкамбоев ва бошқа спортчиларнинг бу ютуқлари Сирдарё вилоятида спорт соҳасига қаратилган эътибор, спорт мактабларидаги тизимли машғулотлар ҳамда мураббийларнинг масъулиятли меҳнатлари самараси экани таъкидланмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири