Сирдарёлик сайловчилар билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Робахон Маҳмудова Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида сайловчилар билан учрашди.
Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, меҳнат фахрийлари, фаол хотин-қизлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши раиси Жамол Комилов очиб, йиғилганларни юртимизда кечаётган сайловолди тадбирларининг келгусида юртимиз равнақи ва фуқароларимиз фаровонлигини таъминлашдаги аҳамиятига тўхталди.

Шунингдек, тадбир давомида партиядан Президентликка номзод Робахон Махмудованинг ишончли вакили Иномжон Қудратов йиғилганларга номзод ҳақида батафсил маълумот берди. Сўнгра “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Маҳмудова сайловчиларни ўз сайловолди дастурининг устувор йўналишлари билан таништирди.

Дастурда илгари сурилаётган ғоя ва мақсадлар Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадларига ҳар жиҳатдан ҳамоҳанг бўлиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, адолат тамойилларини барқарор таъминлашни назарда тутади. Хусусан, номзод дастурида инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлиги тан олиниб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш каби вазифа ва мақсадларга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, дастурда хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган аёлларни давлат бошқаруви органларининг барча соҳалари ва бўғинларига жалб қилиш, оилаларда тенг ҳуқуқли ва адолатли муносабатни, маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга оид таклифлар илгари сурилаётганлиги қайд этилди.

Президентликка номзод тадбир якунида учрашув қатнашчиларининг саволларига жавоб берар экан, кутилаётган сайлов Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа эканини таъкидлади. Учрашув давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Джанибекова, Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов ва Дилфуза Умерова, Халқ депутатлари Мирзаобод тумани кенгаши депутати Дилдора Халиқова Президентликка номзод Робахон Махмудованинг сайловолди дастури халқчил, юртпарвар ғоя ва мақсадлар жамланмаси эканлигини эътироф этди. Йиғилганларни Робахон Махмудовага овоз беришга чақирди.
Қизғин савол-жавобга бой бўлган учрашув сўнггида тадбир иштирокчилари юрт равнақи, фуқаролар фаровонлигини таъминловчи муҳим сиёсий тадбирда фаол иштирок этишларини билдирди.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири.