Сирдарёлик пахтакорлар зафар қучди
Сирдарё вилояти мамлакатимизда биринчилардан бўлиб, жорий йилги пахта топшириш шартномавий режасини бажарди. Фермер хўжаликлари томонидан мўл ҳосил етиштирилиб, 271 минг тоннадан зиёд пахта хирмони бунёд этилди. Ҳар бир гектар ердан олинган ҳосилдорлик ўртача 37 центнерни ташкил қилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Сирдарё иқлим шароитида пахтачиликда бундай юқори ҳосилдорликка эришиш катта ютуқдир. Бу йил вилоятда ернинг шўрини ювиш, мелиоратив ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Яна муҳим жиҳатлардан бири –тупроқ-иқлим шароитига мос навларнинг танлангани. Жорий мавсумда 77 минг 500 гектар майдонга чигит экилди. Ғўзани навлар бўйича жойлаштиришда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, сув таъминоти ҳамда соҳанинг етакчи олим ва мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек, кластер корхоналари таклифлари инобатга олинди.

Эътиборли жиҳати, 6 минг 200 гектар майдонда янги навлар синовдан ўтказилди. 1 минг 656 гектар майдонда томчилатиб суғориш усули жорий этилди. Ғўза парвариши ҳам илғор тажрибалар асосида тизимли ташкил этилди. Кластер корхоналари томонидан минерал ўғитлар захираси тўлиқ яратилганлиги ҳамда фермер хўжаликларига узлуксиз етказиб берилиши самара берди. Дефолиациянинг ўз муддатида ва сифатли ўтказилганлиги ҳисобига етиштирилган ҳосилни ёғингарчилик кунларига қолмай йиғиштириб олиш имконияти яратилди.

Кластер корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласига ҳам устувор вазифа сифатида қаралди ва жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 30 миллиард сўмдан зиёд 60 га яқин қишлоқ хўжалиги техникаси олиб келинди.
Сайхунобод, Гулистон ва Ховос туманлари 30 иш кунида давлатга пахта сотиш шартномавий режасини вилоятда биринчилардан бўлиб бажарди. Шунингдек, Сирдарё, Мирзаобод туманлари ҳам пахта хирмонига муносиб ҳисса қўшди. Далаларда ҳосил ҳали мўл. Сирдарёликлар ҳосилдорликни ўртача 40 центнерга етказишни кўзлаб шижоат билан меҳнат қилишмоқда.

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири