Сирдарёлик фахрий журналистлар Самарқандда
Азалдан дунёни ўзининг тарихий обидалари, азиз ва муқаддас гўшалари билан лол этган Самарқанд бугунги кунда янада кўркамлашиб, қайта сайқал топиб, туризм марказларидан бирига айланмоқда. Бу кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарга ҳар куни минглаб хорижликлар ташриф буюрмоқда.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси билан бир гуруҳ журналистларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди. Шуни таъкидлаш керакки, уюшманинг вилоят бўлими томонидан ҳар йили юртимизнинг турли ҳудудларига, муқаддас, тарихий қадамжоларга саёҳатлар уюштириш, шунингдек, медиа-турлар ўтказиш анъанага айланган.

Меҳмонлар Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотираси шарафига бунёд этилган мақбара ва мажмуани зиёрат қилишди.
– “Самарқанд Сити”да бунёд этилган салобатли иншоотлар, жумладан, ҳашаматли анжуманлар саройи, кўп қаватли маъмурий бинолар ҳамда ўзига хос дизайнга эга бўлган меҳмонхона ва сайёҳлар учун мўлжалланган бошқа маданий-маиший биноларга қараб, Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг “Агар бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган биноларга боқинг” деган сўзларини ёдга олдик, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Холида опа Пардабоева.

Самарқанд сити яна бир гўзал ва бетакрор мажмуага уланиб кетган. “Боқий шаҳар” деб номланган бу шаҳарчада Самарқанддаги дунё аҳлини, миллионлаб сайёҳларни ўзига чорлаб турган боқийликка муҳрланган тарихий обидалар бир жойда жамлангандек. Унда асрлар садоси янграб турадиган миноралар, масжид ва мақбаралар, беқиёс ва боқий шаҳар Самарқанд архитектураси мужассам. Бир томонда Шоҳизинда, бир тарафда Гўри Амир, яна бошқа томонда улуғвор Регистон майдони ва бошқа обидалар савлат тўкиб турибди. Ҳамиша уйғоқ шарқ бозори, чойхона ва дўконлар, турли емакхоналар, мўъжаз меҳмонхоналар ва бошқа маданий-маиший бинолар, барчаси ҳаммада, айниқса, хорижлик сайёҳларда катта таассурот қолдиради.

Сирдарёликлар шаҳар билан танишар экан, иккинчи кичик Самарқандни кашф этдилар. Улар қадимий кулолчилик, атлас, адрас тўқувчилиги, зардўзлик, мисгарлик намуналарини томоша қилиб завқланиб, фахрландилар. “Самарқанд сити” ва “Боқий шаҳар”ни ажратиб турган анҳор атрофидаги мажнунтоллар кишини ром этади. Бир нечта мўъжаз электромобиллар, анҳорда сузиб юрган мўъжаз кема ҳам сайёҳлар хизматида.

– Ҳар қадамда учраётган хорижлик меҳмонларнинг ўз тилларидаги гап-сўзларига тушунмасакда, уларнинг юз-кўзларидан ушбу шаҳардаги лавҳалардан, гўзалликдан лол қолганликларини билиш қийин эмас. Қисқа қилиб айтганда, боқий шаҳардаги ҳар бир бино, манзара санъат асари даражасида эканлиги билан ўз номига жуда-жуда муносиб. Самарқанднинг бугунги кўринишидан, “Боқий шаҳар”га бўлган саёҳатдан жуда хурсанд бўлдик, – дейди меҳнат фахрийси Орзиқул ака Абдусаматов.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири