Сирдарёлик “Энг фаол блогер”лар тақдирланди
Гулистон шаҳрида жорий йилда Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси томонидан эълон қилинган “Энг фаол блогер” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят Адлия бошқармаси ва унинг қуйи туман, шаҳарлар тизими вакиллари, вилоятда фаолият юритаётган блогерлар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Бугунги глобаллашув даврида мавжуд иллатларни рўйи-рост ифодалаш, муаммоларга холисона ёндашиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ҳамда мамлакатимиз равнақи учун хизмат қилувчи блогерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш давр талабидир.
“Энг фаол блогер” танловида иштирок этиш истагини билдирган вилоятда истиқомат қилувчи 8 нафар номзоддан жами 500 га яқин ижодий ишлар қабул қилинди. Танловга тақдим этилган материаллар ҳакамлар ҳайъати томонидан қонунийлик, объективлик, маърифийлик, ишончлилик, фактларни текшириш, ёлғон маълумотларнинг йўқлиги, материалларнинг таҳлилий ва изчил тақдим этилиши, таклиф ва тавсиялар мавжудлиги, аудиториясидаги фуқаролик позицияси каби мезонларга мувофиқ баҳоланди.

– Ушбу танловни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқаролар ўртасида қонунга бўйсунишни тарғиб қилиш, ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларга қарши курашда блогерлар ва жамоатчиликнинг таъсир кучидан оқилона фойдаланишдан иборат, – дейди вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов.
Тадбирда сўз эркинлиги – демократик жамиятнинг асосий устунларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланиб, сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари мазмун-моҳиятидаги янгиликлар, айниқса, нодавлат интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар фаолиятидаги фаоллик яққол кўзга ташланаётгани ва бунда блогерларнинг ҳам ҳиссаси борлиги хусусида сўз борди.

– Ижтимоий тармоқлар орқали ахборот олиш ва тарқатиш жараёни ҳар қачонгидан-да тезкор, ўз навбатида долзарб саналганлиги боис ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиси сифатида ҳар бир журналист, блогер қонун нормаларини билиб қўйиши лозим, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Янги Сирдарё” газетаси бўлим муҳаррири, “Энг фаол блогер” танлови ҳакамлар ҳайъати аъзоси Холида Пардабоева. – Олинган фактларни эълон қилишда уларнинг тўғрилигини текшириб кўриш, аҳоли ишончини суистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлиш мақсадга мувофиқ.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра, Музаффар Умаров “Энг фаол блогер” танловининг ғолиби, деб топилди. Вилоятда блогерлик фаолиятини олиб бораётган Ҳусан Исоқулов ҳамда Ғулом Примов 2 ва 3-ўринларни эгаллади.
Танловда Анвар Туйчиев “Ислоҳотлар жараёнини ёритишдаги энг фаол блогер”, Бахтигул Хидиралиева “Аҳоли мурожаатлари билан энг кўп ишлаган блогер”, Ислом Арибжанов “Тезкор ахборот тарқатувчи блогер” номинациялари ғолиби бўлди.

Ғолиб, совриндор турли номинация соҳиблари вилоят Адлия бошқармасининг диплом, статуэтка ва эсталик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов,
ЎзА