Сирдарёлик аёлларга юксак эҳтиром кўрсатилди
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёлга – эҳтиром” деб номланган ижод, санъат ва спортда, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликда фаол хотин-қизлар, кўзга кўринган ташаббускор, фидойи ва раҳбар аёллар иштирокида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бошланган байрам тадбирда вилоят, шаҳар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари, ёзувчи, шоир, журналист, ишлаб чиқаришда фаоллик кўрсатган аёллар, маҳаллий Кенгаш депутатлигига сайланган аёллар, сиёсий партиялар, жамоатчилик, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, жаҳон, Осиё, халқаро ва мамлакат мусобақаларида юқори натижаларни кўрсатган спортчи хотин-қизлар ва шу мактабнинг ўқувчи-ёшлари иштирок этди.
Маънавий-маърифий тадбир ижод мактаб бўсағасида қад ростлаган халқимизнинг суюкли ва ардоқли шоираси Ҳалима Худойбердиеванинг ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш билан бошланди.
[gallery-1398]
Тадбирда ушбу ижод мактаби директори, “Турон” фанлар академияси академиги, шоир Муҳаммад Исмоилов ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз ҳаёт ва ижоди билан ўзбек аёллари садоқати сиймосини ярата олган Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия Исроилова, ўзбек-хотин-қизларининг виждони, қалб кечинмаларини қоғозга туширган Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиеванинг мазмунли ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритилди.
Ижод мактабининг ўқувчилари уларнинг ижоди, шеърларидан намуналар ўқиди. Шу мактабининг 6-синф ўқувчиси Зулҳаё Мингбоева Ҳалима Худойбердиева қаламига мансуб Зулфия Исроилованинг 60 йиллик юбилейига бағишлаб ёзилган “Сиз юксаксиз” шеърини ифодали қилиб ёддан ўқиб берди.
8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири Гулистон шаҳридаги “Янги Зомин” тантаналар мажмуасида давом этди.
Мажмуада ҳар бир туман ва шаҳарлардан тайёрлаб келинган миллий таомлар кўргазмаси намойиш этилди.
Янги иш ўринлари яратишда, ишлаб чиқариш, ижодда ва спортда юксак натижаларни кўрсатган аёлларга фахрий ёрлиқ, банк сертификатлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тўкин дастурхон атрофида ташкил этилган байрам тадбирида республика пойтахтидан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар ва вилоят ижрочи ёшлари томонидан намойиш этилган концерт дастури йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Тадбирида Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА