Сирдарёда "Заковат" интеллектуал ўйини
Сирдарё вилоятида 8 Март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди.
Интеллектуал ўйинда иштирок этган хотин-қизлар орасида жамоавий ишлаш, тез фикрлаш ва креатив ёндашувларни намоён қилиш муҳим омил бўлади. Тадбирда қатнашган ҳар бир жамоа ўзига хос мавзулар бўйича саволларга жавоб беришди, шунингдек, уларнинг умумий билим даражаси ва интеллектуал қобилиятлари синовдан ўтказилди.
Ғолиб бўлганлар ўз ғалабаларини жамоавий ишлаш ва ҳар бир аъзонинг фикрини инобатга олиш орқали қўлга киритишди. Мунтазам интеллектуал ўйинлар, шу жумладан, «Заковат», ҳар бир иштирокчига янги билимларни эгаллаш, таҳлилий ва сўзлаш қобилиятини оширишга ёрдам беради.
1-ўринни вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг "EcoFin" жамоаси эгаллади. 2-ўринга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармасининг "Matonatli ayollar" жамоаси, 3-ўринга вилоят Ғазначилик хизмати бошқармасининг "Treasury girls" жамоаси сазовор бўлди.
Тадбир сўнггида ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари– оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали раҳбари Отабек Мавлонбердиев иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширди.
[gallery-22107]
Халқаро хотин-қизлар куни байрами олдидан ўтказилган «Заковат» интеллектуал ўйини сирдарёлик хотин-қизлар учун катта илҳом манбаи бўлиб, уларнинг билимларини ва ижтимоий фаоллигини янада оширди.
Бундай тадбирлар жамиятда аёлларнинг ёрқин ролини эътироф этиш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади,албатта.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари