Сирдарёда янги авлод муҳандислари камол топмоқда
Сирдарё вилоятида робототехника ва инновацион таълим йўналишларига қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда. Гулистон шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари халқаро ва республика миқёсидаги мусобақаларда юқори натижаларни қайд этиб, янги авлод муҳандислари шаклланаётганини амалда исботламоқда.
Жумладан, 2026 йилда Тошкент шаҳридаги Янги Ўзбекистон университетида ўтказилган сунъий интеллект ва технологиялар бўйича халқаро мусобақада мактабнинг 10-синф ўқувчилари Муҳаммадазиз Тугалов, Риҳсивой Усмонов ва Комилжон Холмуродовлар жамоаси 1-ўринни эгаллаб, 3 минг доллар миқдоридаги мукофотга сазовор бўлди. Шунингдек, Президент мактаблари ўртасида ташкил этилган “STEM+” мусобақасининг республика босқичида ҳам айнан гулистонлик ўқувчилар ғолибликни қўлга киритди.
Бу каби ютуқларда робототехника йўналиши ўқитувчилари Орифжон Обитов ва Азиз Юнусовнинг ҳиссаси катта. Улар ўқувчиларни назарий билимлар билан бир қаторда амалий машғулотлар орқали тайёрлаб, уларда муҳандислик фикрлаши ва инновацион ёндашувни шакллантирмоқда.
– Мактабимизда робототехника тўгараги ўқувчиларнинг энг фаол йўналишларидан бирига айланди. Бу ерда улар техник билимлар билан бирга мустақил фикрлаш ва муаммоларга ечим топиш кўникмаларини ҳам ривожлантирмоқда, – дейди мактаб маслаҳатчиси Мадина Сапарова. Айни пайтда робототехника тўгараги 100 нафардан ортиқ ўқувчини қамраб олган бўлиб, улар турли лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Хусусан, сумо роботлари, линия бўйлаб ҳаракатланувчи роботлар яратилиб, мусобақаларда синовдан ўтказилмоқда.
Гулистон шаҳридаги Президент мактаби 2021 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда республикадаги илғор таълим муассасаларидан бирига айланган. Таълим жараёни табиий ва аниқ фанлар, ахборот технологиялари, муҳандислик ҳамда хорижий тиллар бўйича чуқурлаштирилган ҳолда ташкил этилган.
Мактаб замонавий инфратузилма — STEAM лабораториялари, юқори технологияли компьютер синфлари ва “смарт” доскалар билан таъминланган. Шунингдек, ўқувчилар учун ётоқхона, овқатланиш, тиббий ва спорт хизматлари йўлга қўйилган.
Эътиборли жиҳат шундаки, таълим муассасаси 2026 йилда халқаро даражада эътироф этилиб, "Council of International Schools" томонидан аккредитациядан ўтди. Бу эса таълим сифати халқаро стандартларга мос эканини тасдиқлайди.
Мутахассислар фикрича, бу каби ёндашувлар ёшларда техника ва инновацияларга бўлган қизиқишни эрта шакллантиришга хизмат қилади. Натижада эса келажакда рақобатбардош муҳандислар, дастурчилар ва ихтирочилар етишиб чиқади.
[gallery-undefined]
Шу тариқа Сирдарё вилоятида яратилаётган замонавий таълим муҳити янги авлод мутахассисларини тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА