Ўзбекистон рақамли трансформацияда глобал ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Давлатимиз раҳбари иштирокида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши доирасида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов “Connecting Asia and the Pacific: The Digital Highway for Inclusive and Trusted Growth” мавзусидаги сессияда қатнашди.
Мазкур сессияда Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда, Google компанияси вице-президенти Винт Серф, Mastercard компанияси ижрочи вице-президенти Ҳелена Форест ҳамда International Telecommunication Union бош котиби Дорен Богдан Мартин иштирок этди.

Сессия давомида рақамли трансформация, минтақавий интеграция, инклюзив ўсиш ҳамда ишончли рақамли инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазир ўз чиқишида Ўзбекистоннинг рақамли ривожланишдаги ютуқлари, хусусан, стартап экотизимининг жадал ўсиши, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган дастурлар ҳамда сунъий интеллект ва илмий-тадқиқот йўналишидаги стратегик устуворликларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, сессия якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олди.
Мазкур платформа Ўзбекистоннинг рақамли трансформация бўйича глобал ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий интеграцияни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишга хизмат қилувчи ташаббусларни илгари суришда муҳим аҳамият касб этади.

Н.Раҳмонова, ЎзА