БМТ Конвенцияси болаларнинг шахсий, ҳуқуқий ҳимоясини белгилайди
Болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар бир халқнинг, ҳар бир давлатнинг энг асосий вазифасидир. Зеро, болалар миллатларнинг келажаги, эртанги куни, энг катта умиди ва ишончи саналади. Шу боис ҳам бутун дунёда болаларни ҳимоя қилишга, асраб-авайлашга, уларнинг манфаатларини таъминлашга жиддий эътибор билан қаралади.
Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрь куни “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция қабул қилинган ва 1990 йил 2 сентябрда халқаро миқёсда кучга кирган. Шунингдек, ушбу сана Бутунжаҳон болалар куни сифатида нишонланиб келинади.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция болаларнинг шахсий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимоясини белгилайди. Ҳужжатда 18 ёшга тўлмаган ҳар бир инсон, агар болаларга нисбатан қўлланиладиган қонун бўйича у эртароқ балоғатга етмаган бўлса, ҳали бола ҳисобланиши белгиланган.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг 4 та асосий тамойили мавжуд бўлиб, улар камситмаслик, боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш, яшаш, омон қолиш ва ривожланиш ҳуқуқи ҳамда боланинг фикрини ҳурмат қилиш тамойилларидир. Жумладан, биргина боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш деганда давлат органлари, судлар ва муассасалар болаларга тааллуқли ҳар қандай қарор қабул қилишда биринчи навбатда боланинг манфаатини ўйлаши шартлиги назарда тутилган.
Таъкидлаш лозимки, иштирокчи-давлатлар ушбу Конвенцияда эътироф этилган ҳуқуқларни амалга ошириш учун барча зарур қонуний, маъмурий ва бошқа чораларни кўради. Ўзбекистон ҳам Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни қабул қилган ва ундан келиб чиқадиган вазифа ва масъулиятни ўз зиммасига олган.
Миллий қонунчилигимизда бола ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига энг устувор масала сифатида эътибор қаратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг алоҳида боби оила, болалар ва ёшларга бағишланган бўлиб, давлат болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни ўз зиммасига олган. Шунингдек, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун билан боланинг барча ҳуқуқлари мустаҳкамланган, манфаатлари ҳимояси белгиланган.
Мамлакатимизда болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш борасида ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. 2024 йил ноябрь ойида қабул қилинган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун билан болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонликка қарши қатъий чоралар белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили — Болалар Омбудсмани институти фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, мазкур институт болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга устувор аҳамият қаратиб келади.
Бир сўз билан айтганда, болалар ҳимояси бутун дунёда, шу жумладан юртимизда ҳам энг устувор ўриндаги масала ҳисобланади. Фарзандларимизнинг хавф-хатарсиз, ҳимояланган, қулай шароитда улғайиши, замонавий таълим-тарбия олиши учун барча имкониятларни яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани эътиборга моликдир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА