Сирдарёда раҳбарларнинг жисмоний тайёргарлиги синовдан ўтказилади
Сирдарё вилоятида Президентимизнинг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича қабул қилган фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида раҳбарларнинг ўзи шахсий намуна бўлсин деган топшириқларидан келиб чиқиб, вилоятда сектор раҳбарлари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят корхона ва ташкилот раҳбарларининг жисмоний тайёргарлик даражаси бўйича мусобоқалар ўтказилади.
– Бир нарсани унутманглар, шахсий намунада гап кўп, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилмасак, албатта ўзимиз шахсий намуна бўлган ҳолда уни аҳоли ўртасида оммалаштирмасак, ноинфекцион касалликларни олдини ололмаймиз, – деди вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев. – Шу боис қайси соҳа вакили ёки раҳбари – барчанинг жисмоний тайёргарлик даражаси кўрикдан ўтказилади.
Дарвоқе, вилоят ҳокими бу борада тегишли фармойиш ҳам қабул қилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу фармойишга кўра, вилоят сектор раҳбарлари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят корхона ва ташкилотлари раҳбарлари ўртасида “Спорт тарғиботчиси” ва “Шахсий намуна” тамойили асосида спорт мусобақалари ташкил этилади.

Раҳбарларнинг жисмоний кўриги тажрибали спорт мураббийлари назорати остида қуйидаги босқичда ўтказилди: Спортнинг енгил атлетика тури бўйича:турникка тортилиш, 100, 200 метр ва 1 километр масофага югуриш, чалқанча ётган ҳолда гавдани кўтариш (пресс), полга таянган ҳолда қўлларини (аджемани) букиб ёзиш, 2,5 километр масофани велосипедда босиб ўтиш беллашувларида иштирок этади.
Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари ҳамда туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ўринбосарлари, корхона ва ташкилот раҳбарларидан ҳар бири 10 кишидан ташкил топган жамоалар мини-футбол мусобақасида беллашади.
Вилоят ҳокимининг фармойишига кўра ушбу, раҳбар кадрларнинг ўзига хос беллашувлари Гулистон шаҳридаги спорт иншоотларида жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари ўтказилиши белгиланди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА