Божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокама қилинди. Сирдарё вилояти шаҳар ва туманларининг маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартириш масалалари кўриб чиқилди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамасида қайд этилганидек, амалдаги қонунчиликда катта миқдордаги божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд эмаслиги уларга қарши курашиш самарадорлигига таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, 2022 йилда 162 миллиард сўмлик 291, 2024 йилда эса 247 миллиард сўмлик 348 ҳолат аниқланган.
Қонун билан катта миқдордаги божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш, шунингдек, божхона органлари томонидан суриштирув шаклида тергов қилинадиган жиноятлар доирасини кенгайтириш назарда тутилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокамасида эса қонуннинг айрим нормалари юзасидан вазирлик ва идоралар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларга эътибор қаратилди.
Хусусан, чет давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувлар ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни, шунингдек, чет давлатнинг ҳарбий хизматига ёлланишни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш, шунингдек, шахснинг ўзи содир этган ҳуқуқбузарлиги акс этган материалларни тарқатиш ёки намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланиши билан боғлиқ нормалар кўриб чиқилди.
Ушбу нормаларни амалиётда қўллаш, уларнинг ҳуқуқий жиҳатдан аниқ ва бир хил талқин этилишини таъминлаш ҳамда ижро механизмларини белгилаш юзасидан қўшимча тушунтириш ва асослантириш зарурлиги таъкидланди.


“Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарлари, Гулистон, Боёвут, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё, Ховос туманлари маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги масалани кўриб чиқиш чоғида таъкидланганидек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, инфратузилмани такомиллаштириш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишда маъмурий чегараларни аниқ белгилаш муҳим аҳамиятга эга.

Кейинги йилларда Сирдарё вилоятида аҳоли пунктларининг кенгайиши, янги турар жойлар, ижтимоий объектлар ва инвестиция лойиҳаларининг барпо этилиши натижасида ҳудудларнинг мавжуд чегараларини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келган. Таклиф этилаётган ўзгартишлар Гулистон ва Ширин шаҳарларини қўшимча ер майдонлари билан таъминлаш, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур шароит яратишга қаратилган.
Шу билан бирга, Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарлари, шунингдек, вилоятнинг туманлари маъмурий-ҳудудий чегараларини аниқлаштириш орқали ҳудудий бошқарув самарадорлигини ошириш назарда тутилмоқда.
Муҳокама якунида қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА