Сирдарёда маънавият ишлари қандай кетяпти?
Гулистон давлат педагогика институтида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ана шу саволга аниқ рақамлар, амалий мисоллар ва режалар орқали жавоб берилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси билан ўтказилган тадбирда ҳудудда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар натижаси жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.
Анжуманда таъкидланганидек, жорий йилда вилоят бўйлаб мулкчилик шаклидан қатъий назар, 670 та корхона ва ташкилот билан икки томонлама “йўл хариталари” имзоланиб, маънавий-маърифий ишлар тизимли йўлга қўйилди. Ҳар бир ташкилотда бу йўналиш учун масъул ходимлар бўйича ахборот банки янгиланиб, ишларни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш механизми кучайтирилди.

Шу кунга қадар вилоятдаги 949 та корхона ва идора, мактаблар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти ўрганилиб, жойлардаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда аниқ тавсиялар берилди. Чекка ҳудудларда ҳам маърифат ишларини фаоллаштириш мақсадида Ширин шаҳри ҳамда Мирзаобод ва Ховос туманларининг 50 та маҳалласида “Маърифат” радиоузеллари иш бошлади.
Ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятнинг энг олис маҳаллаларида 750 маротаба “Кинокарвон” лойиҳаси ўтказилиб, ёшларни ватанпарварлик ва фаол фуқаролик руҳида тарбиялашга хизмат қилди. “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари сони 710 нафарга етказилиб, жойлардаги тарғибот ишлари қамрови кенгайтирилди.

Қонунчиликдаги янгиликлар ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотларида “Сиёсий-маърифат соатлари” ташкил этилди. 221 та маҳаллада Маънавият ва маърифат кенгашлари фаолияти намунавий йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси маънавий-маърифий ишларнинг маҳалладан ташкилотгача узвий занжирда олиб борилаётганини кўрсатади.
Ахборот-таҳлилий ишлар ҳам фаоллашган. Бўлим муассислигида таъсис этилган “Маънавий олам” газетаси 1500 нусхада чоп этилмоқда, ижтимоий тармоқлар учун эса юзлаб видеоролик, инфографика ва слайдлар тайёрланиб, кенг жамоатчиликка етказилмоқда. Мирзаобод ва Боёвут туманларида “Сайхунобод” тажрибаси асосида ташкил этилган “Маънавият маскани” ва “Маърифат кутубхонаси” комплекслари эса ҳудудларда янги маърифий муҳит шаклланаётганидан далолат беради.

Матбуот анжуманида 2025 йил якунига қадар режалаштирилган вазифалар ҳам очиқ баён этилди. Хусусан, ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган ойлик тадбирлар, “Миллий либослар куни”ни тизимли ўтказиш, жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Энг муҳими, матбуот анжуманида нафақат маънавий-маърифий соҳада 2025 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди, балки келгусидаги режалар ҳам батафсил равишда ОАВ вакилларига тақдим этилди. Тадбирда иштирок этган журналистлар ва блогерлар қизиқтирган саволларга очиқ ва аниқ жавоб олдилар, бу эса соҳадаги ишларга шаффофлик ва жамоатчилик назоратини таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири