Сирдарёда электр таъминоти барқарорлиги таъминланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Энергетика соҳасига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакат энергетика тизимини тубдан янгилаш ва уни барқарор ривожлантиришга қаратилган муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади.
Фармонда энергетика соҳасидаги мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда рақамлаштирилган бошқарув тизимларини жорий этиш орқали тармоқларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Энергия ресурсларига бўлган талаб йил сайин ошиб бораётган шароитда, 2030 йилга қадар электр энергиясини ташиш ва тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш режалаштирилган. Бу орқали электр таъминотидаги узилишларни бартараф этиш, техник йўқотишларни камайтириш ва аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқларига кўрсатилаётган хизматлар сифати оширилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 декабрга қадар диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғишга мўлжалланган замонавий дастурий-аппарат комплекси жорий этилиб, электр тармоқларини масофадан бошқариш тизими йўлга қўйилади. Бу эса тизимда юзага келаётган носозликларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш имконини яратади.

Ҳужжатда 220–500 кВ кучланишли 6,9 минг километр магистраль электр узатиш тармоқлари, қўшимча 30 минг МВА қувватли трансформатор подстанциялари, 93 минг километр электр энергиясини тақсимлаш тармоқлари, 804 та подстанция ва 30 мингта трансформатор пунктлари барпо этиш каби аниқ вазифалар белгилаб қўйилган. Энг муҳим мақсадлардан бири сифатида электр энергиясини тақсимлаш тармоқларидаги йўқотишларни босқичма-босқич 9 фоизгача қисқартириш назарда тутилган.
Ана шу вазифалар ижроси доирасида Сирдарё вилоятида ҳам “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ховос туманида аҳолини барқарор ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида умумий узунлиги 40,8 километр бўлган 0,4–10 кВли ҳаво электр тармоқлари ҳамда 7 та трансформатор пункти қурилиши режалаштирилган.

Айни пайтда туманнинг Бунёдкор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 7,7 километр узунликдаги электр узатиш тармоқларини барпо этиш, шунингдек, 3 та замонавий трансформатор пунктини ўрнатиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
– Бугунги кунда аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини тўлиқ қондириш ва таъминот барқарорлигини таъминлаш энг устувор вазифамиз ҳисобланади, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиалининг капитал қурилиш масалалари бўйича директор ўринбосари Акмал Ҳайдаров. – Шу мақсадда тармоқларни босқичма-босқич янгилаш, эски инфратузилмалар ўрнида замонавий электр узатиш линиялари ва трансформатор пунктларини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу нафақат авария ҳолатларини камайтиради, балки аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун узлуксиз ва сифатли электр таъминотини таъминлайди. Амалга оширилаётган ишлар маҳаллалар кесимида ҳам ижобий самара бермоқда. Хусусан, аҳоли мурожаатлари сезиларли даражада камайиб, электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар босқичма-босқич бартараф этилмоқда.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири