Сирдарёда боғдорчилик ривожланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Боғ яратиш нафақат меҳнат, балки катта сабр ва билимни ҳам талаб этади. Сифатли кўчат танлаш, уни тўғри экиш ва ўз вақтида парваришлаш мўл ҳосилнинг асосий омилларидандир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мевали дарахтларни экишда, аввало, ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олиш муҳим. Кўчатлар орасидаги масофа ҳам дарахтларнинг ривожланиши ва ҳосилдорлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Сирдарё вилоятида 7 минг 269 гектар майдонда 722 та боғ ташкил қилинган. Шундан 4 минг 485 гектари янгиланмоқда. Ушбу майдонларга интенсив навли кўчатлар ўтқазилмоқда. Шунингдек, узумзорлар ташкил этиш ҳам белгиланган. Жумладан, Гулистон туманида 297 гектар майдонда янги боғлар барпо этиш кўзда тутилган.
Вилоятда анорчилик ҳам яхши ривожланган. Мирзаобод анорлари эса ўзининг сифати билан машҳур. Ҳудуднинг иқлими ва унумдор тупроғи анор етиштириш учун қулай ҳисобланади.
Анор дарахти иссиқни хуш кўрса-да, унинг ҳосилдорлиги парваришга бевосита боғлиқ. Айниқса, ёз мавсумида намликни меъёрида таъминлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши профилактик чораларни ўз вақтида кўриш муҳим аҳамиятга эга.
Ана шу мақсадда Мирзаобод туманида 25,4 гектар майдонда анор плантациялари ташкил этилмоқда. Лойиҳа қиймати 2,6 миллиард сўмни ташкил этади. Айни пайтда кўчат экиш ишлари давом этмоқда.
Жорий йил давомида 31 минг 250 дона анор кўчати ўтқазиш режалаштирилган. Мазкур кўчатлар икки йилда ҳосилга киради. Бу эса қўшимча даромад ва янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
[gallery-31325]
Ховос туманида 2 минг 385 гектар майдонда боғ барпо қилинган. Айни кунда ушбу боғларда мевалар ғарқ пишган. Деҳқонлар ҳосилни йиғиб, бозор расталарига чиқармоқда.
Туманда афғонистонлик инвесторлар билан ҳамкорликда янги боғлар ҳам барпо этилган. 350 гектар ер майдонида интенсив усулда олма, нок ва узум кўчатлари экилган. Айни пайтда ҳосилни териш ишлари қизғин давом этмоқда.
Ширин шаҳри майдон жиҳатидан кичик бўлса-да, экин майдонларидан самарали фойдаланилмоқда. Шаҳардаги 5 гектар майдонда иссиқхона барпо этилмоқда. Мазкур иссиқхонани жорий йилда ишга тушириш режалаштирилган.
Умид ОБИДЖОНОВ (сурат), ЎзА