Сирдарёда бизнес ва маданият байрами
Сирдарёда бугун ўзгача руҳ, байрамона кайфият ҳукм сурмоқда. Бир тарафда – халқаро миқёсида йирик бизнес форуми, иккинчи тарафда – қовун сайли ва этно-фестиваль каби миллий анъаналар намойиши. Шу икки йўналиш уйғунлашиб, вилоятда ҳақиқий бизнес ва маданият байрами муҳитини яратди.
Форумга 20 дан ортиқ мамлакатлардан 300 нафар хорижий инвестор ҳамда юзлаб маҳаллий тадбиркорлар ташриф буюрди. Уларга Сирдарёнинг иқтисодий салоҳияти, эркин иқтисодий зоналарда яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
– “Сирдарёда бизнес қилинг” форуми инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда, – деди Литвадан келган инвестор Ливарис Леитис. – Биз сут маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашганмиз. Бу ерда ресурслар ҳам, имкониятлар ҳам катта.
[gallery-25136]
Форум доирасида Хитой, Россия, Венгрия, Қозоғистон ва Тожикистон делегациялари билан ўтказилган музокараларда қатор истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди. Натижада қарийб 240 миллион доллар миқдорида 60 та дастлабки келишув имзоланди. Янгиер шаҳрида чиқиндиларни қайта ишлашдан тортиб, олтиндан заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришгача бўлган қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, Гулистон шаҳри марказида миллий анъаналар ва санъат байрами бўлиб ўтди. Турфа хил қовунлар, маҳаллий ҳунармандлар асарлари, этно-рақс ва қўшиқлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Инвесторлар миллий таомлардан татиб кўриб, Сирдарёнинг нафақат иқтисодий, балки маданий салоҳиятига ҳам гувоҳ бўлдилар.
– Вилоятдаги қулай инвестиция муҳити ва халқнинг самимий меҳмондўстлиги бизда катта таассурот қолдирди, – деди хитойлик инвестор Zond Shio Yu.
Асосийси, кеча бошланган форум изчил давом этмоқда. Янги лойиҳалар тақдимотлари, ҳамкорлик имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда. Қабул қилинган қарорлар ва имзоланган келишувлар нафақат Сирдарёнинг иқтисодий салоҳиятини оширади, балки унинг маданий жозибадорлигини ҳам янада кучайтиради. Бу жараён мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик, халқаро ҳамкорлик ва инвестициявий муҳитни яхшилаш сиёсатига уйғун тарзда ривожланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири